Мирзиёев Тошкент пропискасидаги айрим шартларни бекор қилувчи фармонни имзолади

Тошкент пропискаси штампи . Nuz.uz сайти фотосурати

Тошкентда жойлашган давлат ташкилотларида беш йилдан кам бўлмаган муддатда ишлаган четдан келган фуқаролар пойтахтда доимий регистрациядан ўтиш ҳуқуқига эга бўладилар, ҳаттоки ишдан бўшаган вазиятда ҳам. Техник, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш соҳасидаги ходимлар бундан мустаснодир. Тошкентда аввали рўйхатда турган ва кейинчалик пойтахтга қайтган одамлар ҳам ҳеч қандай тўсиқсиз доимий регистрациядан ўтиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Республика президенти Шавкат Мирзиёев пропискага доир фармонни имзолади, деб хабар беради Адлия вазирлигининг Telegram-канали.

Фармонга мувофиқ, рухсат бериш хусусиятига эга бўлган доимий прописка қилиш тизимидан босқичма-босқич хабар бериш хусусиятидаги рўйхатдан ўтказиш тизимига ўтилади.

2020 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги талаб қилинмайди.

Республиканинг бошқа ҳудудларида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларни сотиб олиб, 3 йил ичида сотган ҳолатларда давлат божининг алоҳида ставкаларини қўллаш тартиби бекор қилинади.

Фармонга кўра, 1 сентябрдан Ўзбекистон фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кун ҳисобланади.

Ўзбекистон фуқароларига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинишини расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиёти бекор қилинади.

Ўзбекистон фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали “ягона дарча” тамойили асосида Ички ишлар вазирлигининг “Манзил” дея номланган автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга оширилади.

Доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин 1 йил давомида биргаликда яшаш шарти ҳамда 1 йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши йўқотилиши тўғрисидаги қоида олиб ташланади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг муайян ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон фуқаролари тегишинча ушбу ҳудуднинг бошқа манзилида истиқомат қилса, турган жойи бўйича вақтинча рўйхатга олиниши шарт эмас ва паспорт тизими қоидаларини бузган деб ҳисобланмайди.

2020 йил январда президент Шавкат Мирзиёев 1 апрелгача прописка тизимини ислоҳ қилишни талаб қилганди. У жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилган ва одамлар фикридан келиб чиққан ҳолда янги қонунчиликни жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Президент прописка борасидаги муаммолар 30 йилдан бери ҳукм суриши ва у улкан адолатсизлик эканини айтиб ўтди.

Март ойида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги фуқароларни регистрацияси билан боғлиқ янги қонун лойиҳасини жамоат муҳокамасига қўйди. Бироқ, қонун лойиҳаси кўпчиликнинг танқидига учрагани боис, у қайта ишлашга юборилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ