Ўзбекистонда транспортда ҳаракатланиш учун стикерларни йирик солиқ тўловчиларга бера бошладилар

Iibb.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси (ДСҚ) йирик дея малакаланган солиқ тўловчилар тоифасига шахсий автомобилларда ҳаракатланишга рухсат берувчи стикерларни тақдим этишни бошлади. Бу ҳақда ДСҚ сайтида маълум қилинган.

Стикер олишга аризани фақат онлайн-тартибда, солиқ тўловчининг электрон солиқ хизматлари порталидаги шахсий кабинети орқали бериш мумкин. QR-кодли рухсат берувчи стикер бир иш куни давомида расмийлаштирилади ва 30 кун муддат давомида ҳақиқий саналади. Шу билан бирга, ҳаракатланаётган одам ўзи билан бирга меҳнат дафтарчасидан нусха ва иш жойидан тасдиқловчи ҳужжатни олиб юриши керак.

Стикерларни олиш учун квоталар ДСҚ томонидан алоҳида олинган ҳар бир солиқ тўловчига нисбатан белгиланади. Ходимлар шахсий транспортда фақат хизмат вазифасини бажариш мақсадида эрталаб соат 9.00 дан кечқурун соат 18.00 гача ва белгиланган йўналишлар бўйича ҳаракатланишлари мумкин бўлади. Бу қарор карантин даври мобайнида корхоналарнинг ишини енгиллаштириш ва бундан кейинги фаолиятига оптимал шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган.

Йирик солиқ тўловчилар тоифасига акциз солиғи тўланадиган товарлар ишлаб чиқарувчи корхоналар; банклар ва уларнинг филиаллари, хом ашё-товар биржалари, фонд ва валюта биржалари, Навоий Тоғ-металлургия комбинати, Олмалиқ Тоғ-металлургия комбинати ҳамда уларнинг тузилмалари таркибига кирган корхоналар; маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги келишувлар бўйича ишларни бажараётган ташкилотлар ҳамда маҳсулот (товар, иш ва хизмат) сотиш эвазига календар йили якуни бўйича 100 миллиард сўмдан (9,8 миллион АҚШ доллари) кўпроқ соф тушумга эга юридик шахслар киритилган.

Ўзбекистонда карантин киритилганидан кейин 277 минг рўйхатга олинган якка тартибдаги тадбиркорлардан 199 минг нафари айни пайтда ўз фаолиятини тўхтатиб қўйишган. Ўзбекистонда шахсий автотранспортда ҳаракатланишга тақиқ COVID-19 пандемияси муносабати билан март ойининг охирида киритилган ва 10 майгача узайтирилган ва шу билан бирга, чекловлар коронавирус камроқ таъсир кўрсатган вилоятларда юмшатила бошланди.

Тиббиёт ва санитария-эпидемиологик хизматлари ходимларидан автомобилларда ҳаракатланиш учун рухсатнома талаб қилинмайди. Карантин постларини кесиб ўтиш ва шаҳардан ташқарига чиқиш учун алоҳида рухсатнома Тошкент вилоятининг асаларичилари уюшмасининг аъзоларига тақдим этилди. Уюшма Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилиб, агар асалариларни зудлик билан парвариш қилиш ишлари бошланмаса, республикадаги қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлиги кескин равишда тушиб кетиши мумкинлигини исботлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ