Тошкент вилоятининг Қибрай туманида хориж инвесторлари учун Invest Village турар-жой мажмуаси яратилади. Бу борада Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарор қабул қилди.
Мажмуа қурилиши учун Тузел посёлкасидан 40 гектар ер участкаси ажратилган ва 49 йилга Super Garden МСЖга фойдаланишга берилган. Дастлаб бу ер мева етиштириш ва узумчиликни ривожлантириш учун ажратилган/ Лекин кейинчалик бу ернинг тупроғи тўғри келмаслиги аниқланган. Эндиликда Super Garden туркларнинг Toleza Tekstil Sanayi Iç ve Dis Tic. Ltd. Sti компанияси билан замонавий шарт-шароитга эга шаҳарча қуради. Лойиҳага $25 млн сарфланиши кўзда тутилган, ундан $20 миллиони — турк компаниясининг тўғридан-тўғри сармояси бўлади. Қурилган турар-жойнинг беш фоизи Тошкент вилояти ҳокимиятига берилади.
Toleza Tekstil Sanayi Iç ve Dis Tic. Ltd. Sti – Истанбулда жойлашган компания бўлиб, у аёлларнинг ич кийимларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компания йилига 10 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. У ўзбек пахтасидан ишлаб чиқилган калаваларни сотиб оладиган доимий харидор ҳисобланади.