Россия президенти Владимир Путин чет эл фуқароларининг муддати 15 мартдан кейин тугайдиган визалари, регистрациялари, ишлаш учун рухсатнома ва меҳнат патентларини автоматик равишда 15 июнгача узайтирилишини кўзда тутувчи фармонини имзолади.
Фармонда, хусусан, ишга ёлловчилар патентининг муддати ўтиб кетган ёки патенти бўлмаган шахсларни ишга қабул қилиш ҳуқуқига эгаликлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эса чет эллик фуқароларга нисбатан ҳеч қандай маъмурий жавобгарликка тортиш чораларини қўлламаслик зарурлиги қайд этиб ўтилган. Гап депортация, олдин берилган визалар, ишлаш ҳуқуқини берувчи рухсатномалар, патентлар ҳамда бошқа турдаги рухсат берувчи ҳужжатларнинг бекор қилинмаслиги ҳақида кетмоқда.
Бундан ташқари, Россия Федерацияси президенти муддати 1 февралдан кейин ўтиб кетган ёки 15 июлгача ўтиб кетувчи Россия паспортлари ва ҳайдовчилик гувоҳномаларининг ҳақиқий дея тан олиниши тўғрисидаги фармонни ҳам имзолаган. Фармонларнинг преамбуласида “янги коронавирус инфекциясининг (COVID-19) тарқалиши таҳликаси муносабати билан” ибораси қўлланилган.
Олдинроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Россия ҳукуматига мурожаат қилиб, карантин даврида меҳнат мигрантларига нисбатан патентлар учун тўловларни бекор қилишни сўраган ва бу ҳақда Тожикистоннинг Россиядаги элчиси ҳам гапирган эди. Россиядаги Мигрантлар федерациясининг президенти Вадим Коженов ҳам худди шундай илтимос билан Россия Федерацияси Бош вазири Михаил Мишустинга мурожаат қилганди. Россияда март ойининг охирида бир ҳафталик муддат ишдан ҳоли давр деб эълон қилинган ва у кейинроқ апрель ойининг охиригача узайтирилган эди.
2019 йил якунларига кўра, биргина Москванинг ўзида 463,7 минг нафар чет эл фуқарсига меҳнат патенти берилган ва бу омил шаҳар бюджетига 18,3 миллиард рубль даромад келтирилган. Патентларнинг ярми Ўзбекистон фуқароларига берилган, 38 фоизи – Тожикистонга. Евроосиё иқтисодий иттифоқи таркибига кирувчи Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари учун патент расмийлайштириш талаб этилмайди.