Мирзиёев бюджет пулларини коронавирусга қарши курашни қўллашга йўналтирди

Шавкат Мирзиёев . Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг қарори билан бюджетни коронавирусга қарши кураш бўйича чораларни қўллашга ҳамда эпидемия билан боғлиқ ижтимоий харажатларга йўналтирди. Президент имзолаган ҳужжатнинг матни ЎзА сайтида чоп этилган.

Коронавирус пандемияси оқибатида қўшимча бюджет харажатларининг юзага келиши туфайли 2020 йил иккинчи чорагида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тасдиқланган тақчиллиги янада ошиши кутилмоқда, дейилади ҳужжатда.

Ҳужжат давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва бюджет харажатларини мақбуллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга оширишни ва муҳимлик даражасидан келиб чиққан ҳолда долзарб ҳисобланмаган лойиҳа ва харажатларни кейинги даврларга кўчиришни ҳамда жаҳондаги ва республикадаги ижтимоий-иқтисодий фаоллик аҳволи таҳлилини белгиламоқда.

Қарор давлат дастурларини бажаришга йўналтириладиган бюджет маблағларини қисқартиришда лойиҳаларнинг устуворлиги ва ижтимоий йўналтирилганлигини инобатга олишни, давлат ички ва ташқи мажбуриятларининг, шу жумладан, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириш ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича мажбуриятларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлашни кўзда тутади.

Ўзбекистон Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тегишли даражадаги бюджет тушумларини, шунингдек, республика бюджетидан ажратилаётган трансфертларни, акциз солиғи бўйича ўтказмаларни, бюджет ссудаларини ҳамда бошқа маблағларни биринчи навбатда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича тадбирларни молиялаштиришга йўналтиради..

Бу тадбирлар қаторига, жумладан, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари сотиб олиш, тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва уларни жиҳозлаш киради. Ҳукуматга уч кун муддат ичида коронавирусга қарши курашиш тадбирларида иштирок этаётган тиббиёт, санитария ва эпидемиология хизмати муассасалари ходимлари, шу жумладан, ёрдамчи ходимлар ҳамда мазкур тадбирларга жалб қилинаётган бошқа ташкилот ходимларига 2020 йилнинг 16 мартидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қўшимча устамалар тўлаш бўйича таклиф киритиш вазифаси юкланди.

Бундан ташқари, ҳукумат беш кун муддатда тиббиёт, санитария ва эпидемиология хизмати муассасалари учун қўшимча равишда бинолар қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши керак бўлади.

Шунингдек, устиворлар таркибига иш ҳақи, пенсия, стипендиялар ва нафақаларни ўз вақтида бериш, озиқ-овқат товарларини сотиб олиш, коммунал тўловлар ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган харажатларни қоплаш каби тадбирлар киритилган. Бошқа тадбирлар ва кечиктириб бўлмайдиган харажатлар Республика инқирозга қарши комиссия қарори билан белгиланади.

Мирзиёев 9 апрель куни банкларга жаҳон иқтисодиётида пандемия келтириб чиқараётган инқирозли ҳолатларни эътиборга олган ҳолда лойиҳалар портфелини қайта кўриб чиқиш вазифасини топширди.

Ўзбекистон кеча, 15 апрель куни кечқурун COVID-19 инфекциясига чалинган беморлар сони бўйича Қозоғистонда ўзиб кетди. Ўзбекистондаги коронавирусга чалинганлар сони 1302 киши, Қозоғистонда эса – 1295 кишини ташкил этмоқда. Қирғизистонда коронавирусга чалинишнинг 377 та ҳолати қайд этилган.