14 апрелдан Ўзбекистонда дизель ёнилғисининг биржа нархи 5600 сўм ($0,57) атрофида белгиланган. Кейинги уч ойда унинг нархи деярли 2000 минг сўмга ($0,2) арзонлаштирилган. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати хабар беради.
2020 йил январь-февраль ойларида бир литр дизель ёнилғисининг нархи 7500 сўм бўлган, март ойида у 7089 сўмга тушган. «Ўзбекнефтгаз» бу турдаги ёнилғи нархининг пасайишини коронавирус пандемияси ва нефть нархининг пасайиши ҳолатлари туфайли хом ашёнинг арзон сотиб олингани билан изоҳлайди.
Бундан ташқари фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг агротехник ишларини амалга оширишлари учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўз маблағлари ҳисобидан дизель ёнилғиси захирасини яратган.
2020 йилнинг 30 март кунидан бошлаб Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида Ўзбекистонда илк бор “Евро-4” ва “Евро-5” синфли экологик тоза ҳамда сифатли дизель ёнилғисининг ишлаб чиқарилиши ҳам йўлга қўйилган.
Орадан уч кун ўтиб «Ўзбекнефтгаз» дизель ёнилғисининг бир литри 7300 сўмдан ($0,77) 7000 ($0,73) сўмгача арзонлашганини эълон қилди.
Ўзбекистонда 1 майдан дизель ёнилғиси ва АИ-80 синф бензини чакана нархининг давлат томонидан бошқаруви бекор қилинади. Нефтни қайта ишлаш корхоналари ушбу маҳсулотларни фақат биржа савдоси орқали истеъмолчига етказади.