Ўзбекистонда йирик объектларда санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда қурилиш, реконструкция ва таъмир ишларини қайта бошлашга қарор қилдилар. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев республикада карантинни бекор қилиш муддатини халқ билан бамаслаҳат кўриб чиқишга ваъда қилди. Бу ҳақда у 14 апрель куни қишлоқ хўжалиги олдида турган долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида билдирди, дея хабар беради Президент матбуот хизмати.
“Биз карантинни қачон бекор қилишни халқимиз билан бамаслаҳат, ҳар томонлама чуқур ўйлаб ва таҳлил қилиб, албатта, кўриб чиқамиз”, — деди Шавкат Мирзиёев ҳамда “биз яхши тушунамиз, уйда ўтириш осон иш эмас, лекин биз айни пайтда элимизнинг соғлиғини ва ҳаётини сақлаб қолиш учун энг мақбул восита сифатида шу тавсияга амал қилишга мажбурмиз” дея қўшиб қўйди.
“Биз пандемия билан боғлиқ жараёнларнинг изидан қувиб эмас, балки унинг барвақт олдини олиш учун бор куч ва имкониятларимизни ва барча ресурсларимизни сафарбар этишимиз зарур”, — деди президент.
Президент республика ҳудудларида қишлоқ хўжалигида, саноат ва қурилиш, иқтисодиётнинг бошқа устувор тармоқларида, тадбиркорлик субъектларида ишларни самарали давом эттириш кераклигини қайд этиб ўтди. “Чунки кун кутиб турмайди, ҳаёт давом этмоқда. Бугунги йўқотилган вақт ва имкониятларни эртага тиклаб бўлмайди”, — деди у.
Шу куннинг ўзида республика махсус комиссияси иқтисодиёт тармоқларининг муҳим йўналишлари ва йирик ишлаб чиқариш ташкилотлари фаолиятини давом эттириш, шунингдек, йирик қурилиш объектларида қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини давом эттириш (бошлаш)га рухсат берди. Тегишли рухсатлар Республика махсус комиссиясининг ҳудудий штаблари раҳбарлари қарори асосида берилади.
Бунда объектларда санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этилиши, ходимларнинг овқатланиши эса бевосита ушбу объектларнинг ўзида ташкиллаштирилиши лозим.
Facebook ижтимоий тармоғининг Уят.уз гуруҳида ушбу янгилик ҳукуматга нисбатан қўшалоқ стандартларда айбловларни келтириб чиқарди: тошкентликлар “ёппасига антисанитария” ҳукм сураётган қурилишларнинг қайта тикланишига рухсатлар оддий фуқароларнинг кўчага чиқишга қўйилган таъқиқлар билан тамомила зид келишини таъкидлайдилар. Шу вақтнинг ўзида, ўша гуруҳдаги постлардан маълум бўлишича, қурилишлар аслида тўхтатиб ҳам қўйилмаган ва карантин даврида хусусий қурилиш объектларида ишлар давом эттирилган ва шу билан бирга, ишчилар кўп ҳолларда карантин қоидаларига риоя қилмай, мисол учун катта гуруҳ бўлиб, тор доирада биргаликда овқатланишган.
Шу билан бирга, Тошкент, Нукус ва вилоят марказида киритилган ўзини яккалатиш тартибини ҳеч ким бекор қилгани йўқ ва бугунги кундан бошлаб эса бу тартиб Тошкент вилоятининг бешта йирик шаҳарларида ҳам жорий этилди.
Ўзбекистонда 14 апрель куни коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлар сафига яна 167 киши қўшилди ва уларнинг умумий сони 1165 тага етди.