Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ватанпарвар блогер ва кўнгиллилар иштирокида виртуал гуруҳ тузишни таклиф этган. Гуруҳ аъзолари ижтимоий тармоқлардаги салбий фикрларни аниқлаш ҳамда тармоқ фойдаланувчиларини уларнинг таъсир доирасига тушиб қолишларининг олдини олиш мақсадида билдирилаётган салбий фикрларга нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш билан шуғулланадилар.
Юрист ва блогер Хушнудбек Худойбердиев ушбу таклифни «троллар фабрикаси»ни яратишга уринииш, деб билади ва бу ҳақда ўзининг Telegram-каналида ёзган.
Ватанпарвар блогерлар гуруҳини тузиш банди вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида «Йўл харитаси» билан боғлиқ президент қарори лойиҳасига киритилган ва у Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида чоп этилган. Муҳокама 25 апрелгача давом этади.
ИИВ таклифига кўра, гуруҳ Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва Тошкент ахборот технологиялари универститети ҳамкорлигида тузилади. Лойиҳа шу йилнинг 1 майидан ишга тушиши керак. Ижро учун масъуллар этиб Ёшлар иттифоқи ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги кўрсатилган.
Худойбердиев Ёшлар иттифоқи раҳбари Алишер Саъдуллаев билан мазкур масала борасида боғлангани, Саъдуллаев ташкилотнинг бу лойиҳага ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтганини ёзади. Саъдуллаевга кўра, Ёшлар иттифоқи бу бандни расман рад этган ҳамда уни лойиҳадан чиқариб ташлашни сўраган.
2018 йили сентябрда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раҳбариятининг «троллар фабрикаси»ни яратишга уринаётгани тўғрисида хабарлар тарқаганди. Семинар иштирокчилари ва ёш репортёрлардан Facebookдаги фейк аккуантлар орқали Ёшлар иттифоқини улуғлайдиган изоҳларни ёзиб қолдириш, уни танқид қилувчиларга қарши троллар курашини олиб бориш талаб этилган.