Марказий банк сўмга нисбатан евро ва доллар курсини кескин кўтарди

Uznews.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Марказий банкининг валюталарга нисбатан ўрнатган курси бўйича АҚШ доллари бир ҳафтада 103 сўмга, евро деярли 235 сўмга кўтарилди. Шундай қилиб, 14 апрель куни америка валютаси 9693 сўм, европаники – 10 600 сўмга яқин бўлади.

UzNews.uz хабар беришича, 13 апрелдан тижорат банклари сўмга нисбатан доллар курсини МБ кўрсатгичидан юқори белгилаган. Кўпчилик ташкилотлар АҚШ валютасини 9700 сўмдан юқори нархда сотиб олмоқда. Infin Bank ва Kapitalbank бир долларни 9780 сўмдан сотиб олмоқда. Доллар сотуви эса деярли барча банкларда 9800 сўмни ташкил этади.

Таъкидлаш жоиз, кўпгина экспертлар Ўзбекистон валютасини девальвация бўлишини кутгандилар. Таҳлилчилар сўм қадрининг тушишини коронавирус пандемияси ва дунё бозорида нефть нархининг кескин тушиб кетиши билан боғлагандилар.

Ўзбекистонда АҚШ валютасининг кескин кўтарилиши ўтган йил ёзда кузатилганди. Марказий банк 16 августда $1 ни бирданига 179 сўмга кўтариб, унинг нархини 9061 сўмга тенглаштирганди. Банк буни ташқи ва ички факторлар билан боғлиқ эканини маълум қилди. Жумладан, Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо ҳамкорларининг (Россия, Қозоғистон ва Хитой) миллий валюталари арзонлашуви ўзбек сўмига ўз таъсирини ўтказган. Ички фактор эса, импортерлар томонидан долларга нисбатан эҳтиёжнинг кўпайгани билан изоҳланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ