Апрелда ёққан қор пойтахтдаги 7 мингга яқин дарахтга шикаст етказди

Тошкентда синган дарахтлар . Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Тошкентда 8 апрелга ўтар кечаси ёққан қор тахминан 6968 та дарахтга шикаст етказди. Улардан 745 таси таг-томири билан қулаган, деб хабар беради «Газета.uz» пойтахт ободонлаштириш бошқармаси маълумотига таянган ҳолда.

Аниқланишича, магистрал йўллари ёқасида ўсаётган 2290 та дарахт, маҳаллалар ичидаги 4678 туп дарахт шикастланган. Энг кўпи Юнусобод туманидаги дарахтлар зарар кўрган, уларнинг сони 2700 дан ортиқ ҳисобланади. Шунингдек, Мирзо-Улуғбек, Яшнобод ва Олмазор туманларида ҳам дарахтлар шикаст кўрган. Бектемирда жами 68 та дарахт зарар кўрган ва бу туман энг кам талофат кўрган ҳудуд ҳисобланади.

Ободонлаштириш бошқармаси карантин туфайли ўн мингта ходимидан 70 фоизигина ишга сафарбар қилолган. Айрим ходимлар вилоятда яшагани учун пойтахтга кириб келолмаганлар. Транспортдаги чекловлар ҳам табиат ҳодисаси асоратларини тезроқ барҳам беришга халақит бермоқда, кўпчилик мутахассислар шахсий машиналарини бошқаролмайдилар.

Шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг раҳбари Нодир Юнусовнинг сўзларига кўра, синган шохлар ва қулаган дарахтлар туман бўлимларига келтирилади ва кейин ёғоч сифатида сотувга қўйилади.

8 апрелдан 9 апрелга ўтар кечаси бутан мамлакат бўйлаб иқлим кескин ўзгарган — ҳаво ҳарорати +22 дан 0 даражага тушиб кетган. Кучли ёмғир тезда қорга айланган. Тошкентда қор оғирлигини кўтаролмаган дарахтлар шоҳлари синган, айрим дарахтлар томири билан қулаган. Оқибатда электр симларининг узилиши туфайли баъзи туманларда ток ўчиб қолган. Шунингдек, дарахтлар остида қолдирилган автомобиллар ҳам шикастланган.

Бунга ўхшаш манзарани бошқа ҳудудларига ҳам кузатиш мумкин. Мисол учун, Самарқандда бўлиб ўтган кучли ёмғир оқибатида айрим кўчаларда сув тошқини юз берган. Маҳаллий ҳокимият бунга сув йўллари бўйига қурилган ноқонуний уйларнинг сабаб бўлганини таъкидлайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди