Мирзиёев банкларга узоқ муддатли кредитлардан воз кечиш бўйича топшириқ берди

Мирзиёев банклар фаолиятининг барқарорлигини таъминлашга бағишланган йиғилишда. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жаҳон иқтисодиётида бошланаётган инқироз ҳолатларини ҳисобга олиб, банкларнинг лойиҳалар портфелини танқидий кўриб чиқиш вазифасини қўйди. Ушбу чора, дея ёзади Ўзбекистон президенти сайти 9 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда муҳокама қилинди.

У банкларга ҳали бошланмаган, узоқ муддатли лойиҳаларни аниқлаб, уларни жорий йилнинг ўзида самара беришни бошлайдиган янги лойиҳаларга алмаштиришни, хусусан, маблағларни устувор равишда кичик бизнес субъектларига янги иш ўринлари яратиш учун ҳамда уй шароитида ўзини ўзи банд қилиш учун йўналтиришни тавсия қилди.

2020 йилда Агробанк, Халқ банки, Микрокредитбанк орқали бандликни таъминлаш дастурларига 4 триллион сўм ($416,8 млн) йўналтириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси орқали Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига қўшимча 500 миллиард сўм ($52,1 млн) ажратилади.

Президент биринчи навбатда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, кичик бизнес ва ҳунармандчилик лойиҳаларига устувор аҳамият қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Қишлоқ хўжалиги тармоқларига бириктирилган тижорат банклари карантин даврида ҳам аграр соҳадаги ишлар тўхтамаганини ҳисобга олиб, ҳозирнинг ўзида янги лойиҳаларни кўпайтиришлари лозимлиги қайд этилди.

Карантин тугаганидан кейин кўплаб корхоналарга ўз фаолиятини тиклаш учун анча вақт ва маблағ керак бўлади. Шу боис Марказий банкка ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти тўхтаб қолмаслиги учун банклар орқали 30 триллион сўм айланма маблағлар ажратилишини таъминлаш топширилди. Зарур ҳолларда, корхоналарга иш ҳақи тўлаш учун ҳам кредитлар ажратилишини йўлга қўйиш лозимлиги таъкидланди.

Банкларга муддати тугаган омонатларнинг муддатини узайтириш тавсия қилинди. Ўтган ҳафтада 24 та банк Марказий банк тавсиясига кўра, жисмоний шахслар учун кредит таътили эълон қилди. Хусусан, тадбиркорлар ва аҳолининг жами 19,5 триллион сўмлик кредит қарзларини тўлаш муддати 1 октябргача кечиктирилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Ўзбекистон меҳнат мигрантларига ҳужжатларни расмийлаштириш учун микрокредитлар ажратади. Улар кимга керак?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди