Ўзбекистонлик вазирлар вирус блокаторларини тақишни бошладилар

"Ўзбекистон 24"телеканалидан олинган кадр

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг аъзолари коронавирус пандемиясига қарши кураш ва мамлакатда томорқа хўжалигини ривожлантириш бўйича видеоселектор йиғилишига кийимларига блокаторлар илиб келдилар. Бунга Gazeta.uz эътибор қаратди.

Нашр телевидение орқали намойиш этилган йиғилишнинг видеоёзувидан олинган кадрларни чоп этди, улардан бейжик ёки значок кўринишидаги вируслар блокаторларини бош вазир Абдулла Арипов, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров илиб олганлари кўриниб турибди. Журналистлар аниқлашича, ҳукумат аъзолари Air Doctor ва Ecom Air Mask блоаторларидан фойдаланишган. Мосламаларнинг иккови ҳам Японияда ишлаб чиқарилган, уларнинг нархи 2-6 АҚШ доллари атрофида.

Вирус блокаторларини ишлаб чиқарувчи Япония компаниясининг вебсайтида таъкидланишича, қурилма ҳавони дезинфекцияловчи ва дезодорация қилувчи хлор диоксидини тарқатиб, “бактериялар ва вируслар каби патоген микроорганизмларни самарали равишда йўқ қилади”.

Хлор диоксиди патогенлар учун чиндан ҳам ҳалокатли бўлишига қарамай, блокаторларнинг самарадорлиги баъзи мутахассисларда шубҳа уйғотмоқда. Экспертларнинг таъкидлашича, хлор диоксиди ҳавода нисбатан тез вақт ичида парчаланиб кетади ҳамда бошқа одамнинг аксирганида чиқадиган майда томчилар таркибидаги вирус зарраларидан ҳимоя қила олмайди.

Шу билан бирга, хлор диоксиди токсинли бўлиб, буғлари нафас орқали танага кирганда кўз ва буруннинг яллиғланишини келтириб чиқаради, томоқда оғриқ пайдо қилади, кўкрак қафасининг қисилиши ҳиссини уйғотиб, бошни оғритиб қўяди, тана ҳароратини кўтариб, ҳарсиллатиб қўяди, юрак уриши тезлашади ва хаёлни чалкаштириб юборади.

Бир кун олдин Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам вирус блокатори билан кўринганди. У мослама юз фоиз ҳимоя қилишига ишончи комил эмаслигини билдириб, унинг организмга зарар етказиш эҳтимоли мавжудлигини тан олди. “Мен уни аптекада сотиб олдим. Бугунги кунда ҳамма ҳимоя қилиши мумкин бўлган воситаларнинг боридан фойдаланиб юришга ҳаракат қилишини ўзингиз ҳам биласиз”, — деди у.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ