Афғон-ўзбек чегарасида бир неча ой туриб қолган беларус ҳайдовчилари бошқараётган фуралар ваниҳоят Ўзбекистон ҳудудига киритилди. Тошкент рухсати билан юк машиналари ватанига қараб йўл олади, дея хабар беради Belta.by Беларуснинг Ўзбекистондаги элчихонасига таянган ҳолда. Дипломатлар берган маълумотга қўра, Ўзбекистон ҳудудига рус, белорус, литва номерлари билан олтита машина кириб келган. Фуралар дезинфекция қилинганидан сўнг, Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб ҳаракатини давом эттирган. Шунингдек, дипломатлар фураларнинг транзит йўли билан Беларусга етиб олиши учун Қозоғистон, Россия ҳукуматлари билан келишиб олдилар.
Барча юк машиналарининг ҳайдовчилари Беларус республикасининг фуқароларидир.
Бундан олдин афғон-ўзбек чегарасида ўнта фура туриб қолганини Auto.Tut.by хабар қилганди. Айрим машиналар чегарада ойлаб туриб қолган. Дастлаб чегарачилар юк машиналарини «божхонадан ўтиш тартиблари бузилгани» сабаб киритмаганлар, март ўртасидан эса карантин туфайли.
Ҳайдовчилар машина кабиналарида антисанитария ҳолатида кун кечиришга мажбур бўлганлар. Уларнинг таъкидлашича, коронавирус туфайли жорий этилган карантиндан сўнг ўзбек номеридаги юк машиналари бемалол чегарадан Афғонистонга ўтиб, қайтиб кела олганлар.
Ўзбекистон 16 мартдан чегарасини тўлиқ ёпди. Кейинчалик бошқа мамлакатлар билан авиа, авто, темир йўл алоқалари апрель ойи сўнггига қадар бекор қилинди.
Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, мамлакатда 545 нафар одамнинг коронавирусга чалингани аниқланган, улардан уч киши вафот этган, 30 та одам инфекциядан мутлоқ соғайиб кетган.