Ўзбекистонда 1 июндан импорт қилинадиган қиздириладиган тамаки маҳсулотлари, чекиладиган, чайналадиган, ҳидланадиган шимиладиган (снюс), чилим учун тамаки, никотинли тамакисиз снюс, таркибида никотин мавжуд суюқликларга акциз солиғи киритилади.
Бу каби нормалар 6 апрелда президент томонидан имзоланган «Тамаки маҳсулотлари бозорини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорда кўрсатиб ўтилган, дея хабар беради Адлия вазирлигининг Telegram-канали.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган, акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкалари қўшимча позициялар билан тўлдирилади.
Унга кўра, қатор тамаки маҳсулотларининг акциз солиғи ставкалари миқдорлари белгиланди.
Жумладан, 2020 йил 1 июндан чекиладиган тамакининг 1 килоси учун 25 АҚШ доллари миқдорида акциз солиғи солинади.
Ўтган йил сўнггида ўзбек ҳукумати 2020 йилда айрим товарлар, жумладан алкогол, тамаки маҳсулотлари, бензин ва дизел ёнилғисига акциз солиқларини кўпайтириш режаларини маълум қилганди. Бироқ, коронавирус пандемияси бизнесга салбий таъсирини ўтказа бошлаганидан сўнг акциз солиқларини оширишдан воз кечилди. Ҳукумат амалдаги акциз солиқларини йил охиригача сақлаб туришни ваъда қилади.
Пандеиянинг бизнесга салбий таъсирини камайтириш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати солиқ имтиёзларини жорий қилди, карантин туфайли фаолиятини тўхтатган корхоналар ижара тўловларидан озод этилди, зарар кўрган компаниялар ва жисмоний шахсларга кредит таътиллари берилди (кредит бўйича тўлов муддатлари узайтирилди).