Ўзбекистонда фуқароларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тизими ўзгартирилади, “прописка” тушунчаси эса меъёрий ҳужжатлардан чиқариб ташланади.
Прописка тизимини ислоҳ қилишга доир қонуни лойиҳаси ҳамда ҳукумат қарорининг лойиҳаси кўринишидаги таклифлар “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан ишлаб чиқилди ва эълон қилинди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев январь ойида парламентга мурожаати давомида 2020 йил 1 апрелга қадар происка тизимини ислоҳ қилиш бўйича топшириқ бериб, халқаро тажрибага асосланган, инсон ҳуқуқларининг кафолатлари ҳамда фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини эътиборга олган ҳолда янги қонунчилик асосларини жорий қилиш муҳимлигини қайд этиб ўтганди.
Лойиҳаларга кўра, «прописка» тушунчаси ўрнига халқаро тажрибага асосланган ҳолда «рўйхатдан ўтказиш» тушунчаси киритилиши кутилмоқда.
Доимий ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш фуқаронинг хоҳишига кўра ички ишлар органлари, давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади. Рўйхатга олиш процедурасининг муддати бир кун этиб белгиланган.
Шунингдек, янги жойда рўйхатдан ўтиш билан бирга нафақа олиш, ҳарбий ҳисобга туриш, солиқ органида ижара шартномасини рўйхатдан ўтказиш ва шунга ўхшаган давлат хизматларини автоматик равишда олиш мумкин бўлади.
Ўзбекистон ҳудудида 2021 йилдан бошлаб миллий паспорт ўрнига ID-карталар киритилиши муносабати билан паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш амалиётидан воз кечиш ва мазкур жараёнларни рақамлаштириш кўзда тутилмоқда.
Янги туғилган чақалоқлар ФҲДЁ органларида туғилганлик ҳақида гувоҳнома расмийлаштираётган пайтда отаси ёки онаси рўйхатга олинган жойда доимий рўйхатга киритлади. Шунингдек, доимий прописка учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидаларни қонунчиликдан чиқариб ташлаш режалаштирилмоқда. Оилага тарбияга олинган (патронат) болалар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлади.
Илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келганда, улар ушбу ҳудудларда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкин бўлади.
Вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш муддати уй-жой эгасининг розилиги асосида 1 йилдан 5 йилгача узайтирилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, фуқароларни Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан, яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилади.
Фуқароларнинг биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини нафақат ўзи доимий рўйхатда бўлган манзилга, балки эгалигидаги бошқа уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи берилади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулкни олишда ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш ҳамда янги қурилган уйларнинг олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини тўлаш ҳақидаги талаблар бекор қилинади.
Олдинроқ Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги 16 март куни фуқароларни рўйхатга олиш тизимини замонавийлаштириш лойиҳасини муҳокамага олиб чиққани, бироқ танқидга олиниб, кам-кўстини тўлдириш учун қайтариб юборилгани ҳақида хабар берилганди. Янги лойиҳанинг муҳокамаси 11 апрелгача давом этади.
Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида Тошкентда прописка олишга фуқароларнинг тенг ҳуқуқлигини кафолатловчи республика Конституциясига зид келадиган қатъий чекловлар мавжуд эди. 2017 йилда чекловлар бироз юмшатилди, аммо бутунлай бекор қилингани йўқ.