Ўзбекистоннинг 14 та шаҳри учун “ўзини яккалаш” тартиби мажбурий деб эълон қилинди

Тошкент, 2020 йил, март ойининг охири. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Ўзбекистонда COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан 2020 йил 6 апрелдан бошлаб Тошкент, Нукус ва барча вилоят марказлари аҳоли учун «ўзини яккалаш» ҳаёт тарзи мажбурий равишда жорий этилади. Koronavirus Info Telegram-канали COVID-19 инфекциясига қарши кураш бўйича республика махсус комиссиясининг қарорига таянган ҳолда хабар беришича, фуқароларнинг уйларини тарк этиши чекланади. Яқин дўкон ва дорихонадан озиқ-овқат ва дори воситаларини сотиб олиш, шифокорга учраш ва ишга бориш зарурати бундан мустасно. Аввал бу каби чоралар фақат 65 ёшдан юқори фуқаролар учун мажбурий эди.

Қайд этилишича, фуқаролардан ҳаракатланишда ҳамда савдо дўконлари ва бошқа жойларда 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш талаб этилади.

Коронавирусга қарши кураш бўйича комиссия йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларининг (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) кириш-чиқиш жойларини пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлар ҳамда тегишли мутахассислар билан таъминлашга қарор қилди. Ушбу мажмуаларга ташриф буюраётган ҳар бир фуқаронинг тана ҳарорати ўлчанади ҳамда 37 даража ва ундан юқори бўлган ҳолатда, уларнинг ушбу мажмуаларга киришларига йўл қўйилмайди. Бу ҳолатда уларга зудлик билан тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат этиш тавсия этилади.

Йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуалари ҳамда карантин тадбирлари учун ажратилган жойларда дезинфекция ишлари мунтазам равишда мажбурий тартибда амалга ошириб борилади.

Шунингдек, Тошкент ва Нукус ҳамда вилоят марказларида 6 апрель соат 06:00 дан эътиборан мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланиш карантин даврида вақтинча чекланади. Бунда фақатгина ҳаётий зарур эҳтиёжлар — озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситалар харид қилиш, шифокор кўригига мурожаат этиш, шунингдек, иш жойига бориш ва келиш учун рухсат этилади. Олдинроқ мамлакат вилоятлари ўртасида транспортларда йўловчиларни ташиш тақиқланиб, фақат юк ташишга рухсат берилганди. Тошкентда, Нукусда ва вилоят марказларидаги кўчаларда шахсий мақсадларда транспортда ҳаракатланиш фақат махсус стикерларни олган ҳолда мумкин қилиб қўйилган.

Истисно тариқасида ички ишлар органлари йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб турилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон кўчаларида медицина ниқобларини тақиб юриш мажбурий қилиб белгилангани олдинроқ эълон қилинганди. Ушбу қоидани ҳамда карантин тартибининг бошқа бандларини бузганлар учун жарималар белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 6 апрель ҳолатига берган маълумотига кўра, мамлакатда коронавирус билан оғриб қолган беморларнинг сони 390 тага етган, улардан 30 нафари соғайиб кетган ва икки киши вафот этган. Вазирлик маълумотига кўра, касалланишнинг сўнгги тасдиқланган ҳолатлари стационар шароитда карантинда сақланган фуқаролар орасида аниқланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ