UzAuto Motors компанияси 3 апрелдан маҳсулотларини онлайн-режимда сота бошлади. Бу ҳақда компаниянинг матбуот хизмати хабар беради.
UzAuto Motors заводида ишлаб чиқарилаётган Chevrolet брендидаги автомобилларни savdo.uzavtosanoat.uz ёки мобил иловаси орқали харид қилиш мумкин. «Бундан ташқари барча дилерлик корхоналари харидорларга компания томонидан муддатли тўлов ҳамда кредит шартлари асосида автомобиль хариди жараёнида ҳам масофадан хизмат кўрсатишни таъминлайди», – дейилади компания хабарида.
Бундан олдин UzAuto Motors компанияси маҳсулотларини фоизсиз муддатли тўлов шартлари асосида қимматбаҳо Malibu ва Tracker русумларини таклиф қилганди. Malibu 278 млн сўм ва ундан юқори ($29 минг), Tracker – 90 млн ва ундан юқори ($20 мингга яқин) нархда таклиф этилганди. Автомобилларни фақат интернет орқали харид қилиш мумкин. Агар мижозда ушбу автомобилларнинг 60 фоиз суммасини тўлаш имконияти мавжуд бўлса, унинг қолган суммасини 1,5 йил давомида фоизсиз шартларда бўлиб тўлаш имконига эга бўлади.
Автомобиллар сотуви бўйича сайт 2018 йил ноябридан ишга туширилди. Унда харидор автомобилнинг модели, позиция ва рангини, шунингдек ўзига яқин дилерлик марказини мустақил равишда танлаши мумкин эди. Автосалонда эса машиналарни 100 фоиз нақд пулга сотиб олиш мумкин. Авваллари харидор дастлаб машина суммасининг уч фоизини, кейинчалик шартномада кўрсатилган муддатга қолган қисмини қоплаши мумкин эди.
Кейинчалик машинани брон қилиш ва аввалдан уч фоиз нархини тўлаш шартлари бекор қилинди. Автомобилни 85 ёки 100 фоиз олдиндан тўлаш орқали харид қилиш мумкин бўлди. Навбат эса «ким олдин пул тўлаган бўлса, ўша автомобилни олдинроқ олади» шаклида тузилди.
Ўзбекистонда авваллари ҳам автомобилларнинг онлайн тўловини ташкил этишга уринишлар бўлган. Лекин бу ҳаракатлар самарасиз тугаган. Дастлабки онлайн-сервис 2017 йил октябрь ойида ишга туширилган, лекин кейинчалик Chevrolet.uz сайтида бирорта ҳам машина сотилмаган.