COVID-19 пандемияси даврини ватани Тошкентда жамиятдан ажраган ҳолда (изоляцияда) ўтказишга қарор қилган россиялик тадбиркор, миллиардер Алишер Усманов Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш учун 20 миллион АҚШ доллари ажратди, дея хабар беради UzReport.
Бу маблағлар “Меҳр-шавқат ва саломатлик” жамғармасига ҳамда коронавирусга қарши курашиш учун Тошкент вилоятининг Зангиота туманида қурилаётган юқумлики касалликлар шифохонасини зарур тиббиёт жиҳозлари билан таъминлашга йўналтирилади.
Ушбу касалхона 10 минг беморга мўлжалланган бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинган одамлар учун қурилмоқда. Уни апрель ойининг учинчи ўнкунлигида ишга топшириш режалаштирилмоқда. Айни пайтда унинг қурилишида икки мингдан зиёд қурувчи ва монтажчилар ҳамда 600 дан зиёд техника воситалари икки сменадан ишлаяптилар.
Алишер Усманов 23 март куни нашрдан чиққан Россиянинг Forbes нашрига шарҳларида ўзининг таҳлика гуруҳига кираётгани боис “тарихий ватанида, Тошкент шаҳрида жамиятдан ажраган ҳолда (изоляцияда) истиқомат қилаётганини” айтиб ўтди. “Афсуски, коронавирус пандемияси бизнесга худди бутун дунё иқтисодиётига каби ҳам таъсир кўрсатаётгани очиқ ва равшан. Тадбиркорлар нафақат активларга эга, уларнинг зиммасида шунингдек, мажбуриятлар ҳам бор. Улар учун вируснинг ўзи ҳам, бутун бозорларни бўшаштириб қўяётган ахборот тўлқини ҳам хавфли”, — деди Усманов.
“Пандемия олдида ҳамма тенг, ҳамма баробар, Худо омон қолишимизни насиб қилсин. Дунёдаги давлат раҳбарлари барча геополитик зиддиятларга қарамай бирлашиб, глобал хатарга бирга қарши туришлари ҳаммасидан муҳим бўлиб қолди”, — дея қўшимча қилди тадбиркор.
Алишер Усманов — USM Holdings компаниясининг муассиси ва асосий акциядори. Унинг активлар портфелида “Металлоинвест”, Mail.ru Group, “Мегафон”, “ЮТВ Холдинг” ва “СТС Медиа” каби компаниялар ўрин олган. Forbes маълумотига кўра, Усманов 12,5 миллиард АҚШ долларига тенг мол-дунёси билан Россия Федерациясининг энг бой бизнесменлар рўйхатида ўнинчи ўринни эгалламоқда.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг Telegram-каналида чоп этилган сўнгги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда COVID-19 коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолати яна бештага кўпайиб, беморларнинг сони 172 тага етган. Улардан саккиз нафари соғайиб кетди ва икки нафари вафот этди.
Ўзбекистоннинг бош ахборот агентлиги ЎзА хабар беришича, беморларнинг 26 нафари Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасида даволанишмоқда. Уларнинг орасида Умрадан қайтиб келган 59 ёшли бемор бор бўлиб, ундаги нифекция 24 март куни аниқланган эди. Шу чоққача у сурункали ўпка касаллиги ва гипертония билан диспансерлик рўйхатида турган эди. Лекин энди бўлса унинг аҳволи ёмонлашиб, нафас олиш етишмовчилигининг иккинчи даражаси ривожлана бошлади. Энди бўлса уни сунъий нафас олиш аппаратига улаб қўйишга тўғри келди.