Мирзиёев ижтимоий ҳимоя чоралари етарли кўрсатилмагани учун COVID тўғрисидаги фармон лойиҳасини танқид қилди

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашни кучайтиришга бағишланган йиғилиш. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзига тақдим этилган “Коронавирус пандемияси даврида аҳолини, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳасини танқил қилиб, ҳужжатга аҳолининг ижтимоий жиҳатдан яхши ҳимояланмаган қатламини қўллаш бўйича муайян чораларни киритиш бўйича топшириқ берди, дея хабар беради президент сайти.

Ҳужжатда пандемиянинг мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли турмуш даражасига салбий таъсирини юмшатишга қаратилган навбатдаги имтиёзлар, преференциялар ва бошқа муҳим чора-тадбирлар назарда тутилган бўлишига қарамай, Ўзбекистон давлат раҳбари уни кам-кўстини тўлириш учун қайтариб юборди.

Қайта ишланган фармон лойиҳасида ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар ва кам таъминланган оилалар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, озиқ-овқат, дори-дармон маҳсулотларини кўпайтириш ва нархлари ошишига йўл қўймаслик, тадбиркорлик субъектларининг айланма маблағлари камайиб кетишининг олдини олиш, уларга қўшимча солиқ имтиёзлари тақдим этиш каби бир қатор аниқ чораларни киритиш зарур, дея санаб ўтди Мирзиёев.

Соғлиқни сақлаш ва молия вазирликларига 300 минг дона экспресс-тест, 500 та ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратларини сотиб олиш, вирус тарқалиши таҳликаси юқори бўлган аҳоли пунктларида мобил лабораториялар ташкил этиш вазифаси топширилди.

Шифокорларнинг малакасини ошириш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда тиббиёт ниқобларининг ишлаб чиқарилишини бир кеча-кундузда 5 миллон донага етказиш учун чет эллик мутахассислар таклиф этилади.

Мирзиёев давлат органларига ҳамда нодавлат ташкилотларига ишчи-ходимларнинг камида 50 фоизини меҳнат таътилига чиқаришни, қолганларини эса масофадан туриб ишлаш тартибига ўтказиш бўйича топшириқ берди.

Иғилишда 60 ёшдан юқори одамлар ҳамда сурункали касалликларга чалинган беморларнинг уйдан чиқмаслик, шу тоифага кирувчи барча ходимларни таътилга чиқариш тавсия қилинди.

Медицина ва ҳарбий олий таълим муассасалари талабаларидан иборат кўнгиллилар дружинасини тузиш, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган оилалар, шунингдек, олис районларга озиқ-овқат, гигиена воситалари ва дори етказиб беришни ташкил этиш муҳимлиги қайд этиб ўтилган. Мамлакатга чет эллардан олиб киритилаётган дори воситалари, субстанциялар, медицина техникаси ҳамда бошқа зарур товарларга бож тўловлари ва қўшимча қиймат солиғини бекор қилиш бўйича кўрсатма берилди.

Лойиҳа давлат раҳбарининг топшириғига асосан ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ–5969-сон “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг мантиқий давоми ҳисобланади.

Ўзбекистонда карантин даврида коммунал тўловларни кечиктирганлик учун жарима ва пеня ундирилиши бекор қилинган, телефон ва интернет учун тўловларни икки ойгача кечиктиришга рухсат берилган, шахсий автомобилларини техник кўрикдан ўтказишни кечиктирган ҳайдовчилардан вақтинчалик жарима ундириш тўхтатиб қўйилган.

Республикада шартнома шартларини бажара олмай қолган тадбиркорлар учун “форс-мажор” тартиби жорий этилди. Карантин туфайли ўз фаолиятини тўхтатиб қўйган корхоналар ижара ҳақи тўлашдан озод қилинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ