Ўзбекистонлик тадбиркорлар карантин даври давомида ижара тўловларидан озод қилиндилар

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг комиссияси Фарғона вилоятидаги корхонада . ИТСВ матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонда давлат мулки обьектларини ижарага олган тадбиркорлар карантин сабабли фойдаланилмаган давр учун ижара тўловидан озод қилинди.

Давлат мулки объектларида ижара асосида фаолият кўрсатиб келган ва карантин сабабли фаолиятини тўхтатган тадбиркорлардан ижара пули олинмайди. 24 март санасидан бошлаб фойдаланмаган давр учун ҳеч қандай ижара пули ҳисобланмайди ва тўланмайди. Бу ҳақда чоршанба куни бўлиб ўтган брифингда Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот котиби Мўмин Ибодов маълум қилди, дея хабар беради “Газета.uz”.

Ибодовга кўра, қарор биринчи навбатда 25 мартга қадар давлат мулки объектларидан ижара шартномаси асосида умумий овқатланиш, ўқув марказлари, жисмоний тарбия, спорт, туризм ва бошқа соҳаларда фойдаланиб келаётган, аммо карантин сабабли фаолияти вақтинча тўхтатилган тадбиркорлик субъектларига тегишли.

Бундан ташқари, пандемия билан боғлиқ вазиятни юмшатиш мақсадида шу даврда инвестиция мажбуриятлари бажарилиши кечиктирилгани учун пеня ҳамда жарималар ҳисобланмаслигига ва мажбурият бажарилмагани учун шартномалар бекор қилинмаслигига тўхталди. Аксинча, инқирозга қарши кураш Республика комиссияси ва унинг ҳудудий штабларининг қарорларига кўра, тадбиркорлар томонидан инвестиция мажбуриятлари бажарилиши муддатлари узайтириб беришини айтиб ўтилди.

Шунингдек, давлат активларини хусусийлаштириш бўйича амалда бўлган шартномаларга асосан харид тўловлари ўз вақтида бажарилмаса, инқирозга қарши кураш Республика комиссияси ва унинг ҳудудий штабларининг қарорларига кўра, муддат қайта кўрилиб чиқилади.

Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг матбуот хизмати маълум қилишича, республикада COVID-19 инфекциясининг тарқалиши важидан шартномаларни бажара олмай қолса, бизнес учун “форс-мажор” тартиби киритилди. Вазирликка корхоналарнинг сўровига мувофиқ махсус енгиб бўлмас кучлар сертификатларини (форс-мажор) бериш вазифаси топширилган. Агар компания коронавирус туфайли шартнома бандларини бажаришдан ожиз қолса, ҳужжатлар бир кунда тайёрлаб берилади.

Олдинроқ Ўзбекистон ҳукумати карантин даврида фаолият юритувчи бизнес учун қатор енгилликлар яратиб бериш бўйича қарорини тасдиқлаганди. Республика Давлат солиқ қўмитасининг раиси Беҳзод Мусаевнинг билдиришича, ижтимоий тўловнинг икки баробар пасайтирилиши тадбиркорларга 155 миллиард сўмни (16.3 млн АҚШ доллари) тежаш имкониятини беради. Сув ресурсларидан фойдаланиш учун солиқ ставкасининг камайтирилиши эса фермерларнинг тасарруфида 150 миллиард сўмни (15.8 миллион АҚШ доллари) қолдиради. Пировардида, бу енгилликлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи кўтарилишини секинлаштириш учун шароит яратади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ