«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси (МОК) 24-мартдан мамлакат ичидаги барча парвозларини тўхтатади. Коронавирусга қарши кураш доирасида рейслар номаълум муддатга бекор қилинган.
Йўловчилар олдиндан олинган авиачипталарни парвозлар тикланганидан сўнг хоҳлаган вақтга алмаштиришлари мумкин.
Бундан один МОК 20-мартдан 28-мартгача фақат маълум рейсларни амалга оширишини, мамлакат бўйлаб қолган барча рейслар бекор қилинишини маълум қилганди.
Шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси ҳам ўзининг рейсларини бекор қилди. Чипта эгаларига пул тўлиқ қайтарилади. Электрон чипталар сайт орқали қайтиб топширилиши мумкин.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги республикадаги чет эл фуқароларини ташишга мўлжалланган чартер рейслар уч кунга кечикишини маълум қилди. Бунга сабаб миллий авиакомпания экипажлари эпидемиологик оғир шароитдаги мамлакатлардан қайтиб келганидан сўнг карантиндан ўтиши лозимлиги айтилади.
Ўзбекистон Республикаси апрель ойининг сўнггига қадар бошқа мамлакатлар билан автомобиль, автобус, темир йўл, ҳаво алоқаларини тўхтатди, барча чегара пунктлари ёпилди.
Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган одамларнинг сони 46 нафарга етган.