Ўтган ҳафта «Золотая корона» тизимида Ўзбекистондан Россияга пул ўтказмалари 50 фоизга ошган ва ортга пул оқими 30 фоизга камайган. Компания вакилларининг таъкидлашича, бу ҳолат рубль курсининг тушиб кетгани билан боғлиқ, деб ёзади «КоммерсантЪ».
«Золотая корона» директори Иван Ситновнинг фикрига кўра, бундай ҳолат доллар эквивалентидаги айрим товарлар, жумладан техника товарларининг нархлари арзонлаб кетиши билан боғлиқдир. У МДҲ давлатларидан Россияга бўлган пул ўтказмаларининг ортиши бир неча ҳафта, айрим товарлар нархи барқарорлашгунча давом этишини айтади.
«Юнистрим» пул ўтказмалари тизими Россиядан яқин хорижга пул оқимининг пасайиб кетганини таъкидлайди. Молиячилар бундай динамикани рублнинг қадрсизлашини туфайли мигрантлар пулни жамғариш эмас, уни сарфлашни афзал кўрганлари билан изоҳлайдилар.
Veta экспертлар гуруҳи вакили Илья Жарскийнинг таъкидлашича, ўз юртида пулни долларда ушлаб турган мигрантларнинг қариндошлари қимматбаҳо товарларни харид қилиш учун пулни орқага юбормоқдалар. Одамлар электроника, маиший техника жиҳозлари, уяли телефонларни ўз юртида қайта сотишдан даромад топишга умид қиладилар. Мутахассиснинг фикрига кўра, бу ҳолат узоққа чўзилмайди, апрель ойида товарлар қимматлаши мумкин.
Россия Марказий банкининг маълумотларига кўра, 2019 йили Россиядан МДҲ давлатларига $13 млрд пул жўнатилган. Бу борада $4,7 млрд билан Ўзбекистон етакчи ҳисобланади. Кейинги ўринларда Тожикистон ва Қирғизистон туради, ушбу республикаларга $2,5 млрд ва $2 млрд миқдорида пул ўтказилган. 2019 йил давомида МДҲ давлатларидан Россияга пул ўтказмалари $3,4 млрд ташкил этган, Ўзбекистондан бор-йўғи $333 млн пул ўтказилган.