Европа иттифоқи Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги секторида олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 40 млн евро ажратади. Бу ҳақда ЕИ Марказий Осиё бўйича делегацияси сайтида хабар берилган.
Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Эдуардс Стипрайснинг сўзларига кўра, Иттифоқ ажратган маблағ республика ҳукуматининг замонавий давлат хизматларини ташкил этиши ва Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича энг йирик давлатга айланишига кўмак беради.
Маблағ ўтган йили президент Шавкат Мирзиёев тасдиқлаган 2020-2030 йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш Стратегиясидаги вазифаларни амалга оширишга йўналтирилади.
Ҳужжатдаги энг асосий пункт — пахта ва буғдойга давлат буюртмасининг бекор қилиниши ҳисобланади.
Европа иттифоқи Ўзбекистонда пахтачилик ва ғаллачилик ўрнига, жумладан мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришни кўпайтиришга бўлган ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди. Бундай ёндашув қишлоқда кам даромад ҳисобига яшаётган 15 миллион одамнинг турмуш тарзини яхшиланишига имкон беради. Бундан ташқари, ислоҳотлар табиий ресурсларни сақлаб қолишга ижобий таъсир ўтказади, зеро пахта ва ғалла етиштириш тупроқ бузилиши, унинг шўрланишига олиб келади.
ЕИ хабарида, жумладан, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш — 2014-2020 йилларга мўлжалланган кўпйиллик индикатив Дастурнинг асосий йўналиши ҳисобланади. Унинг доирасида Марказий Осиё республикалари учун 168 млн евро ажратилган.
Ўзбекистон ва Европа иттифоқининг иккитомонлама ҳамкорлик шартномаси 1996 йили Флоренцияда имзоланган. Шундан бери ЕИ ҳар йили республикада қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, демократия, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга молиявий кўмак бериб келади.
2016 йили Европа иттифоқи сув таъминоти, сув ресурсларидан теъжамкор фойдаланишга 12 млн евро миқдорида маблағ ажратди. Орадан бир йил ўтиб ЕИ «Боғдорчиликни ривожлантириш» лойиҳасига 21,5 млн евро йўналтирди. 2018 йили европаликлар республика қишлоқ аҳолисини давлат хизматлари ва чорвачилик биснеси орқали қўллаб-қувватлаш учун 25 млн евро миқдорида маблағ ажратган эди.