Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлайдиган тизим йўқ ва уни тезликда ташкиллаштириш керак. 11 март куни давлат раҳбари мамлакатда жамоат саломатлигини таъминлаш тизими самарадорлигини ошириш муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди
Президент Шавкат Мирзиёев мисол тариқасида озиқ-овқатларга қўшиладиган техник пальма мойини келтирди. Техник пальма мойининг ишлатилиши қатъиян тақиқланган, лекин буни аниқлайдиган механизмлар йўлга қўйилмаган. Ваҳоланки, ушбу маҳсулот инсон организми учун ғоят зарарли бўлиб, ҳаётий муҳим органларни ишдан чиқариши билан бирга онкологик касалликларга сабаб бўлади.
Йиғилишда юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларни барвақт аниқлаш, ҳисобини юритиш, таҳлил ва статистикасини тўғри йўлга қўйиш масалалари батафсил муҳокама қилинди.
Масалан, 2018 йилда 24 мингтага яқин аниқланган хавфли ўсма касалликларининг 55 фоизи 3 ва 4-босқичда аниқланган. Бу ҳар иккинчи беморнинг даволанишига умид йўқлигини англатади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилига кўра, инсон саломатлигига таъсир этувчи омиллар орасида тиббий таъминот 10 фоизни, ирсий омиллар 15 фоизни, атроф-муҳитнинг ҳолати 20 фоизни ташкил этади. Энг муҳими, инсоннинг турмуш тарзи (жисмоний фаоллик, овқатланиш, зарарли одатлар) унинг саломатлигига 55 фоизгача таъсир кўрсатар экан.
Оддийгина вазн, бўй, бел айланаси, қон босимини ўлчаб, турмуш тарзини сўраб-суриштириб, инсонда инфаркт, инсульт, диабет, гипертония каби кўплаб касалликларни барвақт аниқлаш мумкин.
Йиғилишда аҳоли саломатлигини назорат қилиш тизимини ҳам қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Халқаро тажриба асосида Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига Аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш марказини бириктириб, Агентлик салоҳиятини ушбу вазифаларни самарали ташкил этишга қаратиш кераклиги таъкидланди.
Агентликнинг вилоятлар ҳамда туман ва шаҳарларда алоҳида марказлари ташкил этилади. Қишлоқ поликлиникаларида бу ишларни самарали йўлга қўйиш учун учтагача мутахассислар ажратилади. Улар қишлоқ аҳолисини тўғри овқатланиш, гигиенага риоя қилиш, онкологик, юрак қон-томир касалликларига мойил бўлганларни барвақт аниқлаш билан шуғулланади.
Йиғилишда қишлоқ врачлик пунктлари аҳолини юқумли ва юқумли бўлмаган касалликлар бўйича мақсадли тиббий кўрик ва сўровдан ўтказишни ташкил этиши зарурлиги таъкидланди.
Мазкур муассасалар ҳудудлардаги касаллик омиллари ва сабабларини таҳлил қилиб, уларнинг ҳар бири бўйича тавсиялар ишлаб чиқиши, Агентлик ҳар бир ҳудуд бўйича дастурлар қабул қилиши ва ҳокимликлар билан ижросини ташкил этиши лозимлиги таъкидланди.
Мажлисда ёш болалар ўртасида паразитар, рахит ва дистрофия касалликлари хавфи катта бўлсада, уларни олдини олиш ва даволашнинг самарали тизими йўлга қўйилмаган. Ваҳоланки, ушбу хасталиклар болаларнинг иммун тизимини ишдан чиқариб, бошқа дардларга мойиллигини кучайтиради.