Ўзбекистонда вояга етмаган болалар мустақил равишда алимент талаб қилиши мумкин бўлади

Gigafox.ru сайти фотосурати

Ўзбекистонда болалар 14 ёшидан ота-онасидан алимент талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Парламент томонидан Оила кодекси, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги ва бошқа қонунларга киритилган ўзгартиришлар республика президенти Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланди ва «Народное слово» («Халқ сўзи») газетасида чоп этилди.

Оила кодексининг 96-моддасида бола ва унинг ота-онаси алоҳида яшаган пайтда 14 ёшга тўлган бола «таъминот учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир», дейилади.

Эндиликда боланинг 18 ёшга етмаганлиги сабаб унинг мурожаати кўрилмаслик ҳолатлари бўлмайди.

Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.

Оила кодексининг 68-моддасига «боланинг ёшидан қатъий назар, унинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда орган ходимлари ва масъул шахслар боланинг фикрини инобатга олиши ва унинг манфаатлари йўлида қарор қабул қилиши керак» деган қўшимча киритилди.

Агар давлат органлари, ташкилотлар ва масъул шахслар томонидан масала ҳал этилмаса, у ҳолда мурожаат васийлик ва ҳомийлик органига юборилади.

Ўзбекистонда ҳар йили вояга етмаган болалар таъминоти билан боғлиқ 45 мингта суд қарори қабул қилинади. Мунтазам алимент тўламай келаётганлар устидан кўрилаётган жиноят ишлари сони уч минггга боради. Кўпчилик одамлар алимент тўлолмасликни муқим даромад манбаи йўқлиги билан изоҳлайди.

«Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга 2019 йил декабрда вояга етмаганларнинг барча суд жараёнларида ҳуқуқларини кафолатлашга доир қўшимча киритилган.

Жиноят процессуал кодексига киритилган ўзгартиришлар ҳам жиноят ишларида иштирок этаётган болага руҳий ёки жисмоний таъсир ўтказишни тақиқлайди ва судда вояга етмаганлар иши кўрилаётганда ҳимоячининг иштирок этишини талаб қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ