Ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқларда UzAuto Motors компанияси автомобилларининг нархи ошишига қарши флэшмоб бошлаб юбордилар. . Акцияда иштирок этаётганлар #GM_Uzbekistondan_moshina_olmayman хэштеги остида сурат ва постларни жойлаштирмоқдалар. Биргина Instagramда ҳозирга қадар 500 дан ортиқ компанияга байкот эълон қилиш чақириғи билан постлар қўйилган.
Флэшмоб иштирокчилари бу йўл билан UzAuto Motors компаниясини автомобиллар нархини туширишга мажбур қилиш ниятидалар ва буни яширмайдилар ҳам.
«Одамлар машина сотиб олиш учун йиллар давомида пул йиғадилар. Лекин нархларнинг мунтазам ошиб бориши оқибатида улар машина сотиб ололмайдилар. Биз бундай ижтимоий намойиш билан нархлар ошишига қарши эканимизни исбот қимоқчимиз. Биз ҳатто GM ёпилишига ҳам розимиз! (GM Uzbekistan – UzAuto Motors компаниясининг аввалги номи. – «Фарғона» изоҳи)», – деб ёзади ғазабланган ижтимоий тармоқдан фойдаланувчи бир одам.
Айрим одамлар ўзбек машиналарининг Россияда Ўзбекистондан нисбатан арзон сотилишига эътибор қаратадилар. Масалан, минимал комплектацияга эга Chevrolet Nexia модели Ўзбекистонда $9200 (87,3 млн сўм), РФ эса – $8650 (605 минг рубль) туради.
Бундан олдин Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев UzAuto Motors раҳбариятидан нархлар ошиши ва бошқа саволларга жавоб беришни илтимос қилган. Депутатлар нархларнинг ошиши тобора хориж машиналари кўпайиб бораётган ички бозордаги рақобатга қандай таъсир ўтказишига қизиқадилар.
Шу муносабат билан депутат компаниянинг нархларни оширишини ё рақибларга қилинган «совға» ёки сунъий банкротликка бўлган тайёргарлик деб ҳисоблайди.
UzAuto Motors компанияси 9 март куни янгиланган прайс-листни эълон қилди. Унга кўра, қатор русумдаги автомобилларнинг нархи 15-20 фоизга ошган. Уларнинг ичида Chevrolet Damas ва Chevrolet Spark русумидаги машиналарнинг нархи бошқаларга нисбатан анча ошган.