Ўзбекистонда Volkswagen автомобиллари ишлаб чиқарилади

Volkswagen Caddy. Volkswagen Group матбуот хизматининг фотосурати

«Жиззах» эркин иқтисодий зонасида шу йили Volkswagen бренди остида енгил автомобиллар ишлаб чиқарилади. Бу борада “Ўзавтосаноат” АЖ ва “Фольксваген Груп Рус” компанияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланган.

«Халқ автомобили» (Volkswagen сўзи немис тилидан айнан шундай таржима қилинади) «Жиззах автомлбиль заводи» компанияси базасида ишлаб чиқарилади. Корхона йилига 20 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. 2020 йилда Volkswagen Caddy моделининг иккита модификацияси таклиф этилади: 7 ўринли йўловчи универсали ва юк фургони. Ушбу модель ҳам тижорат, ҳам оилавий фойдаланишга мўлжалланган. Автомобиль қуввати 110 о.к. ва ҳажми 1,6 литрли тежамкор бензинли двигатель билан жиҳозланади. Шаҳар цикли режимида ёқилғи сарфи 100 км.га 9,3 л., трассада – 100 км.га 6,1 л.га тўғри келади.

Бундан ташқари, ҳамкорлик доирасида келажакда Volkswagen Group концернининг кенг моделлар қаторидан бошқа намуналарни ҳам ишлаб чиқариш ва келтириш имконияти кўриб чиқилади.

«Фольксваген Груп Рус» янги замонавий ишлаб чиқариш технологиялари ва жараёнларини тақдим этади, шунингдек ходимларни ўқитишни амалга оширади. Завод Volkswagen концернининг ишлаб чиқариш, сифат, харидлар, етказиб бериш ва сотув тизимлари бошқаруви борасидаги замонавий стандартларига мувофиқ иш юритади. Шунингдек, корхона режаларига маҳаллий автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқарувчиларини (бугунги кунда улар “Ўзавтосаноат” АЖга тегишли 30 та йирик завод ва 160 дан зиёд ўрта ҳамда кичик корхоналардан иборат) жалб қилиш орқали муайян маҳаллийлаштириш даражасини таъминлаш ҳам киради.

Ўзбекистонда немис бренди остида автомобилларни ишлаб чиқаришга доир хабарлар авваллари ҳам тарқалганди. Масалан, 2017 йили ноябрда Volkswagen Amarok автомобили Самарқандда жойлашган JV MAN Auto-Uzbekistan базасида ишлаб чиқарилиши маълум бўлганди. Бироқ, бугунга қадар завод маҳсулотлари каталогида Volkswagenнинг бирорта модели кўрсатилмаган.

Штаб квартираси Германиянинг Вольфбург шаҳрида жойлашган Volkswagen AG концерни дунё автомлбиль ишлаб чиқариш саноатида етакчилик қилади. Ўтган йили концерн томонидан деярди 11 миллион дона автомобиль сотилган. Концерн таркибига Volkswagen, Audi, Lamborghini, Skoda, Seat, Bentley, Bugatti, Porsche, Ducati, Scania ва MAN брендлари киради. 2018 йил маълумотига кўра, компания капитализацияси 117 млрд еврони ташкил этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди