Коронавирус туфайли Ўзбекистон иқтисодиёти бир миллиард доллар миқдорида зарар кўриши мумкин

Тошкент аэропортида тиббиёт ходимлари тепловизор билан . Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг фотосурати

Коронавирус эпидемияси туфайли Хитой ва бошқа давлатлар билан ўзаро савдо алоқаларининг пасайиши сабаб, Ўзбекистон иқтисодиёти 2020 йил сўнггига келиб $960 миллиондан ортиқ зарар кўриши мумкин. Иқтисод фанлари доктори, БМТ тараққиёт дастурининг Ўзбекистон бўйича эксперти Сергей Воронин мана шундай прогноз қилади, деб ёзади Review.uz.

Воронин фикрига кўра, мамлакат иқтисоди айрим соҳаларда бюджетга кам даромад тушиши орқали зарар кўриши мумкин. ЯИМнинг 2,9 фоизи даражасида кутилаётган импортга бўлган қўшимча қиймат солиғи 1,5 фоизга тушиши, божхона солиғи– 0,4% дан 0,2% гача , акциз солиғи – 0,1% дан 0,05% гача тушиб кетиши мумкин. 2019 йили Ўзбекистондаги Ялпи ички маҳсулот $58,3 млрд бўлгани ҳисобга олинса, йўқотишлар $960 млн ортиқ (ЯИМнинг 1,65%) бўлиши мумкин.

Ўтган йил якунларига кўра, Хитой Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкори бўлган ва унинг республика ташқи савдо ҳажмидаги ҳиссаси 18 фоизни ташкил этган. Хитой билан савдо айланмаси $7,6 млрд (иккинчи ўринни эгаллаган Россиядан $1 млрд кўп) ташкил этган. Ўзбекистон Хитойга катта миқдорда энергия манбаи ва нефт маҳсулотлари, текстиль ва хизматлар экспорт қилади. Хитойдан эса машина ва ускуналар, кимё саноати маҳсулотларини сотиб олади.

Шунинг сабаб коронавирус COVID-19 туфайли Хитойнинг изоляция бўлиши республика иқтисодининг барча жабҳаларига салбий таъсирини кўрсатади, деб ҳисоблайди Воронин.

Бундан ташқари, ишлаб чиқаришда ҳам пасайиш кузатилиши мумкин, зеро Хитой мамлакатдаги гигант корхоналар – Навоий ва Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатларига, «Ўзтрансгаз» ва бошқа корхоналарга хомашё ва ускуналар етказиб беради. Шу сабаб, Воронин йирик солиқ тўловчи корхоналарга солиқ бўйича прогнозларни қайта кўриб чиқишни, бунда давлатдан қандай ёрдам керак бўлишини аниқлашни тавсия қилади.

Коронавирус тадбиркорликка ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши мумкин. Биргина 2019 йили Ўзбекистонда хитойликлар капитали эвазига 581 та компания тузилган ва бу йили бундай кўрсатгични эгаллаш мушкул.

Воронин фикрига кўра, коронавирус эпидемияси Марказий Осиёдаги барча давлатлар иқтисодига салбий таъсирини кўрсатади, зеро уларнинг барчаси учун Хитой энг катта ҳамкор ҳисобланади. Масалан, Қозоғистонга экспорт қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича Хитой етакчилик қилади. Бу борадаги узилишлар республикада инфляциянинг кучайиши ва маҳсулотлар нархининг ошишига олиб келиши мумкин.

Воронин бир неча халқаро экспертлар хулосасига таянган ҳолда, дунё иқтисодиёти коронавирус туфайли камида жорий йилнинг июль ойигача зарар кўришини таъкидлайди.

Бундан олдин Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси коронавирус туфайли Хитойдан келаётган туристлар сони камайганини маълум қилганди. 2019 йили республикага ХХРдан 64 минг сайёх ташриф буюрган. Бу йили сайёҳлар сони 98 минг нафарга бориши кутилганди. Кўринишидан, прогноз кўрсатгичларини камайтиришга тўғри келади. Бироқ, кўмита ходими Шуҳрат Исоқулов Ўзбекистонда коронавирус билан бирорта одам касалланмаганини инобатга олиб, инфекция туфайли Хитой ва бошқа давлатларга боролмаган туристларни Ўзбекистонга жалб қилиш таклифини билдирганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди