Тошкентда Транспорт университети очилади

Тошкент Темир йўл муҳандислари институти. Wikimedia Commons фотосурати

Тошкентда Транспорт университети очилади. Янги олий ўқув юрти Тошкент темир йўл муҳандислари институти, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти ва Тошкент давлат техника университетининг авиакосмик технологиялари факультети негизида ташкил этилади.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган.

Транспорт университети Тошкент темир йўл муҳандислари институти жойлашган Одилхўжаев кўчаси 1-уй манзилида жойлашади. Етакчи хорижий ўқув юртлари ҳамкорлигида университетда бакалавриат, магистратура ва аспирантурадан иборат уч босқичда таълим олиб борилади. Университет қошида Академик лицей ташкил этилади.

Университет давлат бюджети маблағлари, тўлов-контракт маблағлари, хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушган тушумлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик ва хайрия маблағлари, халқаро молия ташкилотларининг грантлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Университетда бюджетдан ташқари (тўлов-контракт) маблағлар ҳисобидан бошқарув, профессор-ўқитувчилар, илмий, ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларни моддий рағбатлантириш учун Махсус жамғарма уларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 200 фоизигача миқдорида ташкил этилади.

Тошкент транспорт университети республика Транспорт вазирлиги тасарруфида бўлади. Шу муносабат билан вазир ўринбосарлари, давлат қўмиталари ва соҳавий компания раҳбарлари йилда камида икки марта талаба ва педагоглар учун лекция ўқийдилар.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатда 116 та ОТМ фаолият юритади, улардан 25 таси университет ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ