Ўзбекистон ва Қозоғистон автомобилларни сотиш бўйича қўшма корхона тузади

UzAuto Motors заводи . Uznews.uz сайти фотосурати

«Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти (Ўзбекистон) ва «Аллюр компаниялар гуруҳи» (Қозоғистон) Қозоғистонда UzAuto Motorsнинг дистрибьютерлик тармоғини кенгайтириш бўйича қўшма корхона тузишга доир шартнома имзолади. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» матбуот хизмати хабар беради.

Шунингдек, корхона қўшимча молиявий суғурта омилларини жорий қилган ҳолда Қозоғистонда сотилаётган ҳамда Россия ва бошқа давлатларга экспорт қилинаётган автомобилларнинг таннархини тушириш масалалари билан шуғулланади.

Компания яқин орада ягона тармоққа жамланадиган юздан ортиқ дилерлик марказларини очишни режалаштирган.

Қўшма корхонанинг муассислари «Автосаноат Инвест» (Ўзбекистон) ва «СарыаркаАвтоПром» (Қозоғистон) ҳисобланади. Келишув 26 февраль куни Урганч шаҳрида регионлараро ҳамкорликнинг Иккинчи форумида имзоланди.

2018 йили «СарыаркаАвтоПром» заводи асносида MAN русумли юк машина ва автобусларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилганди. Костанайда GM Uzbekistan компанияси ишлаб чиқарган автомобилларни йиғиш бўйича келишув 2017 йили Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев томонидан имзоланганди.

Ўшанда қозоғистонлик автомобилсозлар Костанайда GM Uzbekistanнинг Ravon Nexia R3 автомобилини ишлаб чиқаришга келишиб олганларини маълум қилганди. Автомобиллар ички бозордан ташқари Россияга ҳам экспорт қилиниши кўзда тутилганди.

2019 йили мартда томонлар «СарыаркаАвтоПром» заводида йил сўнггига қадар 16 минг дона Nexia R3 автомобилини ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзолагандилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ