Заҳарли чиқиндилар сабаб Асакадаги цемент заводининг иши тўхтатилган

Uznature.uzсайти фотосурати

Ўзбекистон экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш давлат қўмитаси зарарли чиқиндилар сабаб Андижон вилоятининг Асака туманида жойлашган SING LIDA цемент заводи ишини тўхтатди. Бу ҳақда қўмитанинг матбуот хизмати хабар беради.

Давлат қўмитаси томонидан 12-21 февраль кунлари цемент заводида ўтказилган текширувлардан сўнг шундай қарор қабул қилинган. Текширув пайтида клинкер тайёрлаш печида туйнук топилган ва у орқали атрофга ифлослантирувчи моддалар тарқалган. Шунингдек, лаборатория таҳлиллари икки манбадаги чанг тозалаш ускуналарининг самарадорлиги паст эканини аниқлаган.

Чанг ушлаб қолиш ускуналарининг самарадорлиги биринчи манбада – 53,1%, иккинчисида – 60,7% бўлган.

Экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш давлат қўмитаси корхонанинг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида» ва «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунлар талабини бузаётгани туфайли клинкер тайёрлаш печи ва цемент тайёрлаш тегирмони фаолиятини вақтинча тўхтатган.

Ўзбекистоннинг 25 та шаҳар ва аҳоли пунктларида Гидрометеорология хизмати марказига қарашли 63 та станицонар постда ҳавонинг тозалик даражаси кузатилиб борилади. Улар ҳаводаги ўн икки хил газ қоришмаси ва тўрт хил оғир металл миқдорини таҳлил қилиб борадилар. 2019 йил давомида республика ҳудудида ҳавонинг заҳарланиш индекси нормада бўлган. Ҳаво заҳарланишининг паст кўрсатгичи Тошкентда (3,42) ва Фарғонада қайд этилган. 2020 йил январида вазият ўзгармаган, фақат Олмалиқда индекснинг юқорилагани – 6,95 кузатилган.

SING LIDA — ўзбек-хитой қўшма корхонаси бўлиб, унинг қурилишига хитойликлар $6 млн сармоя киритган. Корхона йилига 100 минг тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга. 2013 йили корхонанинг чанг ва газ фильтрлари билан жиҳозланган биринчи линияси ишга туширилган. Корхонанинг иккинчи линияси 2015 йили юқоридаги фильтрлар ўрнатилгунга қадар ишга туширилган ва бу ҳолат маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ