1 мартдан Ўзбекистоннинг барча аэропортларида учиб келган пассажирлар учун хизмат кўрсатиш тўлови бекор қилинади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар беради.
«Йўловчиларга хизмат кўрсатиш» деганда йўловчилар ва унинг юкларини чегара, санитар ва божхона назоратидан ўтказиш, юкларни саралаш ва эгаларига тақдим этиш тушунилади.
Шунингдек, бунга талаб этилмаган юкларни икки кун давомида сақлаш хизмати киради.
Шу билан бир қаторда хориж авиакомпаниялари учун юк рейсларига ишлов бериш тўловлари камайтирилади. Тошкент Халқаро аэропортининг юқори комфортга эга Business Lounge залида чет эл компанияларининг бизнес-класс йўловчиларига хизмат кўрсатиш учун олинадиган ҳақ ҳам камайтирилади. Бундай чоралар Ўзбекистон аэропортларининг авиация бозоридаги рақаботдошлигини ошириш, парвоз жуғрофиясини кенгайтириш ва чет эллик туристлар оқимини кўпайтириш учун амалга оширилмоқда.
Рейсларга кўрсатиладиган хизматлар тўловларининг камайтирилиши авиачипталар нархининг пасайишига туртки бўлиши мумкин.
12 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон транспорт вазири Элъёр Ғаниев аэропорт йиғими хажми ва авиаёнилғи қийматининг 20 фоизга камайтирилишини маълум қилганди.
Uzbekistan Airways акциадорлик жамияти 2019 йил сўнггида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясини (МАК) реструктуризация қилиш натижасида ташкил топди. АЖ таркибига 11 та халқаро аэропорт— Тошкент (Ислом Каримов номидаги аэропорт), Андижон, Фарғона, Наманган, Қарши, Термиз, Урганч, Нукус, Самарқанд, Бухоро ва Навоий аэропорти киради. Компания аэропортларни ривожлантириш, йўловчиларга хизмат кўрсатишга жавоб беради. Шунингдек, у парвозлар жуғрофиясини кенгайтириш ва бошқа вазифаларни ўз зиммасига олган.