Тошкентдан Нурафшон шаҳригача метро линияси қурилади

Тошкентда метро линияси қурилиши. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Келгусида Тошкент шаҳрини Тошкент вилоятининг марказида жойлашган Нурафшон шаҳри билан боғлайдиган метро линияси бунёд этилади. Бу ҳақда 19 февраль кунги мажлисда Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов маълум қилди, деб хабар беради Тошкент вилояти ҳокимиятининг матбуот хизмати.

Раматов лойиҳанинг аниқ муддатини айтмаган ва «келгусида» сўзи билан кифояланган. У Нурафшонда ўтказилган мажлисда шаҳар инфратузиласини яхшилаш, жумладан аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, йўллар қурилиши, канализация ва коммуникация тармоқлари билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр билдирган.

Авваллари «Тойтепа» номи билан аталган Нурафшон шаҳрига 2017 йили вилоят ҳокимлиги кўчиб ўтганидан кейин шаҳарга бўлган эътибор кескин кучайган. Ўшанда президент Шавкат Мирзиёев бу ерда тезкор автомагистраль қурилишини айтиб ўтганди.

Мажлисда республика президенти маслаҳатчиси Шерзод Қудбиев ва Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровлар иштирок этган. Йиғилишда вилоятнинг 2020 йилги ижтимоий-иқтисодий масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, мажлисда Тошкент вилояти ҳокимлигининг янги раҳбарлари — саноат, иқтисод ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ҳоким ўринбосари Баходирбек Муллаханов, ҳокимнинг капитал қурилиш ва коммуникация бўйича ўринбосари Шуҳрат Ҳакимов таништирилган. ИИВ полковниги Илҳомбой Худайбергенов маҳалла ва оила масалалари бўйича вилоят ҳокими ўринбосари этиб тайинланган.

Бундан олдин вилоятнинг Бўка, Бекобод, Янгийўл ва Тошкент туманлари ҳокимлари ўзгарганди.

Тошкентда метрополитен 1977 йили очилган ва у ўша пайт Марказий Осиёдаги ягона метро ҳисобланган. Ҳозирда унинг 29 та бекатдан иборат учта линияси фаолият юритади. 2025 йилга бориб Тошкент метросида яна 74 та бекат пайдо бўлади. Шундай қилиб метро линиясининг узунлиги 36 километрдан 157 километрга узайади. Февраль ойи бошида Дўстлик-Қўйлиқ йўналиши бўйича олтита ерусти бекатлари қурилиши тугаллангани хабари берилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ