UzAuto Motors ишлаб чиқараётган Spark, Cobalt ва Lacetti русумидаги автомобилларнинг айрим модификацияси нархи йил бошидан ошган. Бу ҳолат автомобилларни жаҳон стандартларига оид техник регламентга амал қилган ҳолда баъзи қўшимча опциялар билан жиҳозлангани учун юз берган, деб хабар беради компаниянинг матбуот хизмати.
Lacetti седан модификациясининг нархи 528 минг сўмга ($55) ошган. Cobalt (4-чи позиция базали комплекстация билан) нархи – 50 минг сўмга ($5,2) кўпайган.
Қўшимча опция деганда автомобилларни туманга қарши чироқ, аудиотизим, USB-порт ва Bluetooth билан жиҳозланиши назарда тутилган.
UzAuto Motors компанияси матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур ҳолат дилер ва ҳаридор ўртасида тузиладиган шартноманинг 2.4 бандида ҳам келтириб ўтилган.
Шартнома шартларига кўра, қўшимча опциялар киритиш билан боғлиқ равишда автомобиль (товар) нархи ўзгарган тақдирда ҳаридор ўз хоҳишига кўра тўланган тўлов суммани қайтариш шарти билан товарни қабул қилишдан воз кечиши, қийматдаги фарқни тўлаши ёки товарни етказиб берилиши мумкин бўлган бошқа модель ва модификациядагисига алмаштиришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Жорий йилнинг январь ойида UzAuto Motors компанияси ўз автомобилларини имконияти чекланган, оёқларида нуқсони бўлган ҳайдовчиларга мослаштириш учун қўл билан бошқариладиган махсус қурилма билан қайта жихозлашни бошлаганини маълум қилганди.
Қўлда бошқариш қурилмаси харидорнинг буюртмасига асосан Cobalt, Gentra ҳамда Spark русумли автомобилларга расмий дилерлик марказларида ўрнатилади.