ФҲДЁ Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилади

Ўзбекистонда ФҲДЁ . Esosedi.org сайти фотосурати

2020 йил 1 апрелдан Ўзбекистондаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари (ФҲДЁ) Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тасаввуфига ўтказилади, деб хабар беради Kun.uz президент фармонига таянган ҳолда.

Ҳозиргача ФҲДЁ фаолиятини шаҳар ва туман ҳокимликлари назорат қиларди. Бундан кейин Давлат хизматлари агентлиги ФҲДЁнинг бутун фаолиятини, жумладан ходимларни танлаш, электрон архив тизимини шакллантириш ишларини назорат қилади.

Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларга икки ой муддатда Давлат хизматлари агентлиги тизимида ФҲДЁ органлари фаолиятини самарали ташкил этишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш топширилган.

ФҲДЁнинг асосий функциялари 2018 йил Адлия вазирлигидан ҳокимиятлар зиммасига ўтказилганди. Ушбу ислоҳот республикада ажралиш ҳолатларининг кўпайиб бораётгани билан изоҳланади. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ишларини мувофиқлаштириш билан жойлардаги ҳоким ўринбосарлари, Хотин-қизлар қўмитаси раислари шуғулланиб келганди.

Президентнинг янги фармонига кўра, мазкур лавозимлар бартараф этилди. Хотин-қизлар қўмитаси раислари ўрнига жойларда маҳалла ва оила масалалари билан шуғулланувчи бўлим ташкил этилади ва уларни бошқариш вазифаси ҳоким ўринбосарларига юкланади.

Бундан аввал президент Шавкат Мирзиёев «Маҳалла», «Нуроний» жамғармалари ва Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини танқид қилганди. Президент Маҳалла ва оила масалалари вазирлигини ташкил этиш вазифасини ўртага қўйди.

Кейинги пайтда республикада ажралишлар сони ортиб бораётгани кузатилмоқда. 2010 йилдан 2016 йилга қадар турмушидан ажраётганларнинг сони 1,7 баробарга ортган. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2018 йили Ўзбекистонда 23,3 мингта оиланинг никоҳи бекор қилинган. Ўтган йил якунларига кўра эса ажрашаётган жуфтларнинг сони бироз камайган ва улар 31,4 мингтани ташкил этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ