Ўзбекистонликлар онлайн тизими орқали консуллик рўйхатидан ўтишлари мумкин

Москвадаги Ўзбекистон консуллигида. "Фарғона" фотосурати

Ўзбекистонликлар республика Ташқи ишлар вазирлиги сайти орқали доимий ёки вақтинчалик консуллик рўйхатидан ўтиш имкониятига эга бўлдилар. Бу билан боғлиқ ТИВ буйруғи 10 февралдан кучга кирган, деб хабар беради Ўзбекистон Адлия вазирлигининг матубот хизмати.

Хорижда бўлган (бўлиб турган) Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар мазкур хизматдан фойдаланишлари мумкин. Консуллик рўйхатида туриш учун ТИВ консуллик хизмати порталидан рўйхатдан ўтиш ва у ерда PDF форматида керакли ҳужжатлар нусхаларини юклаш лозим. Ҳужжатларни қабул қилган консуллик ходими мурожаатчининг электрон манзилига консуллик рўйхатидан ўтганлик тўғрисида билдиришнома юборади.

Эслатиб ўтамиз, доимий консуллик рўйхатидан ўтиш пайтида консуллик тўловини тўлаш лозим. Тўлов квитанцияси бошқа ҳужжатлар қатори тақдим этилади. Вақтинча консуллик рўйхатидан ўтиш учун тўлов қилинмайди. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, хорижда доимий яшаётган шахслар уч йил ичида консуллик рўйхатидан ўтишлари лозим, акс ҳолда улар фуқаролигини йўқотишлари мумкин. 2019 йил сентябрь ва ноябрь ойларида Ўзбекистоннинг Қозоғистон ва Россиядаги элчихоналари консуллик рўйхатидан ўтмаган Ўзбекистон фуқаролари рўйхатини эълон қилди. Жами рўйхатдан 2360 одам ўрин олган ва улар фуқаролигини йўқотишлари мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ