Қозоғистонда мухолифатдаги «Эрк» партияси фаоли ҳибсга олинган

Хуррам Бердиев. Унинг Facebookдаги саҳифаси фотосурати

Мухолифатдаги «Эрк» партиясининг аъзоси Хуррам Бердиев Қозоғистонда ҳибсга олинган. У 8 февраль куни Туркистон вилоятининг Сайрам туманида қўлга олинган, деб хабар беради ВВС хизмати Facebookдаги саҳифасида.

Бердиев Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкин, чунки у 2014 йили одам савдосида гумонланиб қидирувга берилган.

«Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари» (AHRCA) ташкилотининг маълумотларига кўра, айблов Қозоғистонга ишлагани келган иккита ўзбекистонлик фуқаро кўрсатмасига асосланади. Улар иш ҳақи берилмагани, зулм ўтказилганлиги устидан арз қилганлар. Қозоғистонга келган бу икки фуқаро дастлаб Хуррам Бердиев уйида бир ҳафта яшайди. Бердиев илтимосига кўра қозоғистонлик Д. исмли одам ўзбеклар учун иш топади ва пировардида иш берувчи ишга ёлланганларни алдаб кетади. Суд аризани ҳаққонийлигини тан олиб, Бердиевни қидирувга беради.

Бердиев бугунга қадар бир неча йил Қозоғистонда яшаб келган. Ҳозир у 58 ёшда. У Сурхондарёнинг Қумқўрғон туманида туғилган, олий маълумотли, узоқ йиллар ўрта мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган. Бердиев «Мазлум» деб номланган ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг асосчиларидан бири саналади ва ташкилотнинг Сурхондарёдаги бўлимини бошқарган. У 1991 йили «Эрк» партиясига аъзо бўлади. «Хуррам Бердиев Европа Иттифоқининг 2005 йил 13 майдаги Андижон вақеаларини текшириш бўйича халқаро комиссия тузиш таклифини қўллаб-қувватлаганидан кейин унга нисбатан таъқиблар бошланади», — дейди AHRCA раҳбари Надежда Атаева.

У яшаган маҳаллада йиғилиш ўтказилиб, унда Бердиевнинг сиёсий ёндошуви муҳокама қилинади, милиционерлар одамларни унга қарши чархлайдилар.

2007 йили Бердиев Жарқўрғон ИИБ паспорт-виза бўлимига (ОВИР) бориб, у ердан уйига қайтиб келмайди. Икки ой мобайнида Бердиевнинг яқинлари унинг қаерда эканини билишмайди. AHRCA унинг беиз йўқолганини эълон қилиб, БМТ ва Европа Иттифоқига ёрдам сўраб мурожаат этганидан сўнг бирдан Бердиевнинг Жарқўрғон ички ишлар бўлимида экани ошкор бўлади. Яна ҳибсга олиниш хавфини сезган Бердиев Ўзбекистонни тарк этади.

У бир неча вақт Россияда яшайди, кейин Қозоғистонга кўчиб ўтади.

Қозоғистон бир неча бор Ўзбекистонда сиёсий таъқибга учраган одамларни экстрадиция қилган. 2005 йили Қозоғистон жанубида ўнта Ўзбекистон фуқароси қўлга олиниб, ўзбек ҳукуматига топширилган. Улар узоқ муддатли қамоқ жазосини оладилар. 2011 йили Ўзбекистон ҳукумати илтимосига кўра, Олма-Отада 29 нафар ўзбекистонлик қочоқлар қўлга олинади. Қозоғистон Миграция хизмати уларга қочоқ мақомини беришдан бош тортади, гарчи уларнинг айримлари БМТнинг Қочоқлар бўйича ташкилоти мандатига эга бўлсалар ҳам. Экстрадиция қилинганларнинг кўпчилиги узоқ муддатга қамалган. 2018 йили Қозоғистон ўзбек ҳукуматига 47 нафар ўзбекистонликни топширади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди