Мирзиёевнинг Россияга ташрифи июнь ойида бўлиб ўтади

Шавкат Мирзиёевнинг Россияга қилган ташрифларидан бири . Россия президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи 2020 йил июнь ойининг иккинчи ярмида бўлиб ўтади. Бу ҳақда республика Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов маълумот берган, деб хабар беради ТАСС.

«Сўнгги маълумотга кўра, президент Шавкат Мирзиёвнинг Россия Федерациясига расмий ташрифи июнь ойининг иккинчи ярмига белгиланган, унинг муддати Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг яқинда Тошкентга қилган ташрифи чоғида аниқланган», — деди Неъматов 14 февралдаги матбуот анжуманида.

У давлат ташрифи муддати «ВНДХ ҳудудидаги машҳур объектнинг реконструкция ишларининг якунлаши» билан боғликлигини қўшимча қилди. Гап собиқ Ўзбекистон ССР павильони ҳақида бормоқда. Маълумки, Россия ҳукумати ушбу объектни Ўзбекистонга бемуддат фойдаланиш учун топширишга қарор қилган.

Мирзиёевнинг Россияга ташрифи 2019 йил октябрида маълум бўлганди. Россия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг тўртинчи мажлисида Сенат раиси ўринбосари Содиқ Сафоев ташриф «келаси йил бошида» бўлиб ўтишини айтганди. Илҳом Неъматов декабрь ойида РИАга берган интервьюсида Ўзбекистон президенти Москвага «февраль ойи бошида ташриф буюришини, бу протокол билан боғликлиги, олдинда Янги йил тургани»ни маълум қилганди. «5 февралга тайёргарлик кўряпмиз: Россия томони ҳам, Ўзбекистон томони ҳам», — деганди Неъматов.

Ўшанда ташриф муддатини Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенко ҳам тасдиқлаганди. У, шунингдек, ташриф доирасида 12 та давлатлараро ва ҳукуматлараро келишувлар имзоланишини қўшимча қилганди. 2020 йил январь ойида РФ Ташқи ишлар вазири билан учрашган президент Шавкат Мирзиёев ташриф июнь ойига кўчирилганини маълум қилди. Февралда РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 5 февраль куни Мирзиёевнинг ташрифи режада бўлмаганини таъкидлади: «Бундай режалар йўқ ва бўлмаган ҳам, шунинг учун уни кўчиришга ҳожат йўқ. Бу нотўғри маълумот».

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ