Мирзиёев аҳоли эҳтиёжини тўлиқ қондириш миқдорида газ қазиб олишга топшириқ берди

Nuz.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йили табиий газ ишлаб чиқаришни 2019 йилга нисбатан 4,3 млрд куб метрга кўпайтиришга топшириқ берди. Нефть-газ саноатидаги ишлар натижадорлиги, табиий газ ва суюқ углеводородлар қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича жорий йилги вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда Энергетика вазирлиги зиммасига мана шундай вазифалар юклатилди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.

«Бир нарсани ҳаммамиз тушуниб олишимиз лозим. Биз соҳадаги камчиликлар тўғрисида ўтган йили кўп гапирдик. Лекин, энди жойларда ишларни амалга оширишга ўтишимиз керак. Ё биз ҳозир нефть-газ раҳбариятига ёрдам бериб, тармоқни ботқоқликдан олиб чиқамиз, ёки у иқтисодиётимиз оёғига кишан бўлиб, ўзимиз олдимизга қўйган иқтисодий ўсиш режаларига эришишни барбод қилади», – деган Президент.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2019 йил январь — ноябрь ойларида кўмир, нефть, табиий газ қазиб чиқариш ҳажми камайган. Газ қазиб олиш кўрсатгичлари 54,9 млрд куб метрдан 54,3 млрд куб метрга пасайган. Ўзбекнефтгаз” компаниясига ҳар бир коннинг ҳолатини танқидий таҳлил қилиб, табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш вазифаси қўйилган.

Аҳолининг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмасини барпо этиш ва модернизация қилиш бўйича 3 та лойиҳани якунлаш лозимлиги қайд этилди.

“Ўзтрансгаз” ва “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятларига жорий йил июль ойига қадар 2,5 мингта йирик истеъмолчини табиий газ ҳисобини юритишнинг онлайн тизимига улаш вазифаси юклатилди. Табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш доирасида камида 2 миллион истеъмолчига замонавий электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатиш зарурлиги қайд этилди.

Мажлисда нефть-газ соҳасини ислоҳ қилиш бўйича “лойиҳа офиси”га илғор халқаро консалтинг компанияларини жалб қилиш, корхоналарда раҳбар ходимларнинг маошини фаолият самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичларига (KPI) боғлаш зарурлиги таъкидланди. Соҳадаги барча корхоналарда коррупцияга қарши курашиш бўйича “комплаенс назорат” тизими жорий этилиши белгиланди.

Президент барча корхоналарда коррупцияга қарши ходимларнинг қонундан ташқари ҳаракатларини назорат қилиш комплекс тадбирлар — комплаенс-назорат (инглизча compliance -риоя қилиш, розилик маъносини билдиради) тавсия қилди.

Ўзбекистонда иситиш мавсумининг бошланиши билан хонадонларга газ ва электр энергиясини етказиб беришда муаммолар юзага кела бошлади. Бош вазир Абдулла Арипов республикада аҳолининг электр ва газ билан таъминлаш ишларини «уятли» ҳолатда эканини айтди. Кўпгина вилоятларда газ ва электр муаммолари сабаб аҳоли намойишкорона катта йўлларни тўсиб қўя бошлади. Муаммоларнинг келиб чиқишига газ қазиб чиқаришнинг пасайишидан тортиб, ўғирлик, зангори оловдан самарасиз фойдаланиш сабаблари кўрсатилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ