Коронавирус эпидемияси туфайли Хитой автомобиль деталларини экспорт қилишни тўхтатган. Бу ҳолат харидорларга Chevrolet Equinox русумидаги автомобилларни етказиб бериш кечикишига сабаб бўлиши мумкин, деб хабар беради UzAuto Mototrs матбуот хизмати.
Компания мазкур ҳолатни «фавқулодда вазият» деб баҳолайди ва ундан бошқа автомобиль ишлаб чиқарувчилари ҳам зарар кўраётганини таъкидлайди. Хабарда Chevrolet Equinox автомобилининг етказиб берилиши минтақадаги эпидемия билан боғлиқ вазият ўзгармагунга қадар кечиктирилиши мумкинлиги айтилади.
Chevrolet Equinox автомобилини сотиб олиш учун шартнома пулини тўлаган ва автомобиль етказиб берилиши қайта тикланишини кутишни истамаган мижозлар белгиланган тартибда тўланган суммани қайтариб олишлари мумкин. Шунингдек, UzAuto Motors дилерлик марказларидан бошқа ҳар қандай автомобилни сотиб олиш учун шартномани алмаштиришлари мумкин.
UzAuto Motors корхонасининг Chevrolet Equinox русумидаги автомобилни ишлаб чиқариши 2019 йилнинг апрелида маълум бўлганди. Декабрь ойида Тошкентда тўртта янги русумдаги автомобиллар тақдимоти бўлиб ўтди, уларнинг орасидан Chevrolet Equinox ҳам жой олганди. UzAutо Motorsнинг дилерлик марказларида мазкур автомобилнинг нархи 225 млн сўмдан ($23,5 минг) 303 млн сўмгача ($32 минг) баҳоланган.
Бундан олдин Хитойдан эҳтиёт қисмлари етказиб берилишидаги муаммолар сабаб Жанубий Кореянинг — SsangYong Motor, Hyundai ва KIA компаниялари айрим заводларини ёпганини маълум қилганди. Россиянинг КамАЗ корхонаси ҳам шу сабаб автомобиль ишлаб чиқариш камайиши мумкинлигидан хавотирда.
Сўнгги маълумотларга кўра, коронавирус инфекциясидан 565 нафар одам ҳаётдан кўз юмган, касалларнинг умумий сони 28 334 одамни ташкил этган. Уларнинг аксарияти хитойликлардир.