Россия Ички ишлар вазирлиги хавфли касалликка чалинган чет эл фуқароларини мамлакатдан мажбуран чиқариб юбориш (депортация) тартибига доир қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда ташкилот сайтида хабар берилган.
Атроф-муҳитга хавф туғдирувчи касалликлар турига — ОИТСК- инфекцияси, В ва С гепатити, лепра (махов), сил, ўлат, куйдирги ва бошқалар киритилган. 2020 йил 31 январдан ушбу рўйхатга коронавирус инфекцияси ҳам киритилди.
Ҳозирда ИИВнинг мазкур касалликларга чалинган мигрантларни ташиш ва бунда шахсий гигиена қоидаларининг риоя этилишига доир тиббий муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиблари мавжуд эмас, шунингдек, депортация қилинаётган одамларга тиббий хизматлар кўрсатилишига доир қоидалар ҳам ишлаб чиқилмаган.
2019 йил 30 сентябрда Россия ИИВ ва дахлдор федерал органлар томонидан хавфли касалликка чалинган чет эл фуқароларини кўчиришга доир қонун лойиҳаси ҳукуматга тақдим этилганди.
Россия ОАВ маълумотларига кўра, янги қонун лойиҳаси март ойида ҳукуматга, майда эса Давлат Думасига тақдим этилади. «Единая Россия» партияси франкциясининг раис ўринбосари Андрей Исаев ва «Справедливая Россия» фракцияси вакили Михаил Емельянов ушбу қонун лойиҳасини қўллашини билдирди.
Ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаоллар узоқ вақт антиретровирус терапиясининг давлатлараро молиялаштирилиши ва ОИТС-инфекциясига чалинган чет эл фуқароларини депортация қилинишига доир қоиданинг бекор қилинишига уриндилар. Зеро, касал мигрантлар депортациядан қўрқиб касаллигини яширадилар ва бу яширин эпидемиянинг тарқалишига туртки бўлади.
Бундай тақиқ 1995 йилдан 2016 йилгача ҳукм сурди ва бунда фақат Россияда яқин қариндошларга эга чет эл фуқаролари мустасно сифатида кўрилди. Бироқ, тажрибада ОИТС-мусбат ташхисига эга чет элликларнинг мамлакатга киритмасликка доир қарорлар чиқарилади.
Дунёнинг кўпчилик мамлакатларида, жумладан Шарқий Европа ва Марказий Осиёда ОИТС-мусбатли мигрантларга нисбатан чекловлар қисқартирилган.
Россияда сил ва жинсий касалликларга чалинган мигрантлар депортация қилинмайди. 2019 йил 1 апрелдан Сахароводаги Миграция маркази сил касалига чалинган чет эл фуқароларининг даволанишини ўз бўйнига олди, Рабухина номидаги сил касалликлари касалхонасида чет элликлар учун алоҳида бўлим ташкил этилди.