Америка Қўшма Штатлари ҳукумати Ўзбекистоннинг Афғонистон билан савдо алоқаларини кенгайтиришига $1 млн миқдорида ёрдам пули ажратади. Бу ҳақда 3 февраль куни АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Тошкентга қилган ташрифи чоғида айтиб ўтди, деб хабар беради «Газета.uz».
Давлат котиби Афғонистондаги барқарорликни таъминлаш борасидаги ўзбек дипломатлари саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик изҳор қилди. У Тошкент ва Қобул ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланиши нафақат Марказий Осиё, балки жаҳон миқёсида ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов республиканинг ташқи сиёсати аввало минтақада яхши қўшничилик ўрнатишдан бошланишини эътироф этди.
«Биз қайсидир улкан мамлакатлар ўртасидаги рақабатнинг сиёсий оқибатларини хис этишни истамаган бўлардик», – деди дипломат, айнан қайси давлатлар ҳақида гап кетаётганига ойдинлик киритмаган ҳолда.
Помпео АҚШ Ўзбекистонга капитал бозори ривожи ва молиявий сектордаги ислоҳотлар учун яна $1 млн ажратишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда иш ўринларининг яратилиши, аҳоли фаровонлигининг ошиши сармоялар оқимининг кўпайишига туртки бўлади.
Комилов ўз навбатида Ўзбекистон бундан буён ҳам америкалик ишбилармонлар билан ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароитлар яратишни давом эттиришини таъкидлади.
АҚШ Давлат котиби республиканинг кейинги йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқларига ҳам тўхталиб ўтди. «Мамлакат фуқаровий жамият ривожи учун кенг имкониятлар яратмоқда, мажбурий меҳнат билан боғлиқ муаммоларни ҳал этмоқда ва ОАВ йўлидаги тўсиқларни камайтирмоқда», – деди Помпео.
Шу куннинг ўзида Тошкентда Марказий Осиё мамлакатларининг Ташқи ишлар вазирлари иштирокида «С5+1» форматида учрашув бўлиб ўтди ва унда Помпео иштирок этди. Музокараларда томонлар муҳим минтақавий муаммолар, жумладан, Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилдилар. . Помпео Ўзбекистонга Буюк Британия, Украина, Беларусь, Қозоғистон турнеси доирасида ташриф буюрди. Давлат котибининг мазкур давлатларга ташрифи ўтган йил сўнггида эълон қилинганди ва бу ташриф АҚШнинг ушбу йўналишдаги устувор сиёсатини тасдиқлашдан иборат экани айтилганди Бироқ, Помпео ташрифи АҚШнинг Боғдоддаги элчихонаси ҳужумга учраши туфайли бошқа муддатга кўчирилганди.