Россиянинг молиявий ташкилотлари мигрантларга кредит беришни йўлга қўймоқчилар

Balashover.ru сайти фотосурати

Россиянинг микромолиявий ташкилотлари Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистондан келган мигрантларнинг меҳнат патенти олиши ва уйларига пул жўнатиши учун қарз беришга ҳайрихоҳлик билдирмоқдалар, деб ёзади «Коммерсант».

Eqvanta компаниялар гуруҳи сентябрда микрозайм бериш бўйича янги лойиҳани ишга туширди ва тўрт ой ичида 400 дан ортиқ мигрант ушбу хизматдан фойдаланди.

Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари бир йилга 10 мингдан 100 минг рублгача йиллик 120 фоиз миқдорида қарз олишлари мумкин. Бу йўналишда 8 фоиз ҳолатдагина биринчи тўлов кечикиши мумкин ва бу кўрсатгич одатий истеъмолчиларга қараганда уч баробар кам миқдорни кўрсатади. Компания 2020 йилнинг биринчи кварталида кредит беришни кўпайтириш ниятида. Ҳозирда у кредитларни расмийлаштиришдан тортиб уни тўлаш мажмуини ўрганиб чиқмоқда.

Eqvanta компанияси Бош директори Андрей Клейменовнинг сўзларига кўра, компания қисқа муддатли заёмлар таҳликасини камайтириш мақсадида бизнес капиталини алоҳида тақсимламоқда. Компания чет эл фуқароларига кредит беришни истиқболли йўналиш деб ҳисоблайди, зеро мигрантларга кредит бериш бозори эгалланмаган, потенциал мижозлар сони эса йилига 3 миллионни ташкил этади. «Қарзни ўз муддатида қайтармаслик таҳликаси юз фоизга етиши мумкин, улар мавжуд бўлган тўсиқларни айтиб, ушбу ҳолатдан чиқиб кетиш йўлларини ахтарадилар, — дейди Клейменов.— Агар мижоз ўзининг молиявий тарихига путур етказса, у ҳолда ушбу сигментда ишлайдиган бирорта банк унга қарз бермайди. Биз мигрантларнинг юртида фаолият юритувчи коллектор агентликлари билан муносабатларни тиклаш ҳаракатидамиз».

Мазкур сегментга чиқиш йўлларини «Мигкредит» компанияси ҳам ўрганмоқда. Мижозни баҳолаш учун ходимлар мигрантларнинг иш ва яшаш жойларини бориб кўрадилар, ҳужжатларини текширадилар. Бу ерда тил муаммоси, қарздорнинг молиявий тарихи йўқлиги асосий тўсиқ бўлиши мумкин, бироқ микромолиячилар мигрантларнинг қарз узиш пайтида пайдо бўлган муаммоларига юртдошларининг, миллий диаспораларнинг бефарқ бўлмаслигига умид қиладилар.

Тижорат ташкилотлари мигрантларнинг ўз юртларида ҳам кредит беришни таклиф этмоқда. Мисол учун, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Ўзсуғурта” ва “Микрокредитбанк” хорижда ишламоқчи бўлган фуқароларнинг ҳужжатлар расмийлаштиришига микрокредит бериш юзасидан келишиб олдилар.

Ўзбекистоннинг 2,5 миллиондан ортиқ фуқароси, яъни аҳолининг 7 фоизидан ортиғи меҳнат мигранти ҳисобланади. Уларнинг асосий қисми Россияда меҳнат қиладилар.

Мигрантларга келсак, улар фоизсиз қўшни ёки ёқинларидан қарз олишни афзал қўрадилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ