Ўзбекистонда геология соҳасида университет ташкил этилади

Шавкат Мирзиёевга Геология фанлари университетининг лойиҳаси кўрсатилмоқда. Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонда геологларни етиштириб чиқараётган тўртта институт негизида ягона университет ташкил этилади. 31 январь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев янги университет кампусига тамал тоши қўйди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Бугунги кунда ер қаърини геологик ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимидаги 4 та муассаса – Геология ва геофизика институти, Гидрогеология ва инженерлик геологияси институти, Минерал ресурслар институти, Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти томонидан олиб борилади.

Айнан мана шу институтлар ягона мажмуага бирлаштирилади.

Университет энг илғор ускуналар билан жиҳозланади. Санкт-Петербург тоғ-кон университети ва бошқа нуфузли даргоҳлар билан ҳамкорликда таълим дастури йўлга қўйилади.

«Бир пайтлар Ўзбекистонда геология анча ривожланган, рақобатбардош соҳа эди. Ҳатто бошқалар келиб, юртимиз мутахассисларидан тажриба ўрганиб кетарди. Лекин охирги ўттиз йилда бу соҳа эътибордан четда қолиб кетди. Аслида, геологик тадқиқотлар иқтисодиётнинг ҳамма соҳалари учун керак.», – деди Мирзиёев.

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишлаб чиққан 2020-2021 йилларда минарал-хом ашё базасини ривожлантириш давлат дастури 2020 йили фойдали қазилмаларга бой майдонларни қидириб топишни 35 фоизга, 2021 йили эса 40 фоизга етказишни кўзда тутади.

Шу муносабат билан президент 2018 йили инвесторлар учун республиканинг гелогик захиралари онлайн-харитасини тузишга топшириқ берганди.

Мутахассислар Ўзбекистонда $5,7 трлн миқдорида фойдали қазилмалар борлигини аниқладилар. Излаб топилган захираларнинг қиймати бир триллион АҚШ доллари миқдорини ташкил этиши, лекин республиканинг асосий ҳудудлари ҳали ўрганилмагани қайд этилганди. Бу ерларда қазилма бойликлари мавжудлиги эҳтимолдан ҳоли эмас.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ