30 январь куни Тошкентда Жанубий Кореяда ишлаб чиқилган инновацион Электрон ҳукумати ва рақамли иқтисод маркази ишга туширилади. Бу ҳақда Businesskorea.co.kr.портали хабар беради.
Марказда икки давлат томонидан учтадан мутахассис ишлайди. Лойиҳага Ўзбекистон ва Жанубий Корея $2 млн.дан пул сарфлайди. Ўзбек томонидан Электрон ҳукуматини жорий этилишини назорат қилиш мамлакат президенти ҳузуридаги Лойиҳавий бошқарув миллий агентлиги зиммасига тушган.
Ўзбекистонда корейс вариантидаги Электрон ҳукуматини жорий этиш масаласи Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Иннинг ўтган йил апрелда Тошкентга ташрифи чоғида муҳокама қилинганди. Businesskorea.co.kr маълумотларига кўра, Корея ўнлаб давлатларга, жумладан, Инлонезия ва Перу учун электрон ҳукумати тизимини ишлаб чиққан. Ўзбекистон Марказий Осиёда корейс мутахасислари ишлаб чиққан дастурни тадбиқ этаётган биринчи мамлакат ҳисобланади.
Электрон ҳукумати – бу давлат, фуқаролар ва бизнес, шунингдек давлат органларининг ўзаро муносабатларини таъминлайдиган механизмдир. Тизимда кўплаб ресурслар ўзаро қоришган: веб-сайтлар, маълумотлар базаси, ахборот порталлари. Электрон ҳукуматини тадбиқ этишдан мақсад — аҳолининг давлат органлари билан алоқасини енгиллаштиришдир. Бу айниқса баённома, лицензия, гувоҳнома ва бошқа ҳужжатларни олишда қўл келади.
2016 йили Ўзбекистонда Электрон ҳукумати инфратузилмасини яратиш учун $145 млн маблағ сарфлаши айтилганди. Дастурга 28 та лойиҳа, жумладан, толали-оптик алоқа линияларининг масофасини узайтириш, янги data-марказларини тузиш, алоқа каналларининг ўтказиш қобилиятини кўпайтириш киритилганди.