«Ўзавтосаноат» Қозоғистондаги «СарыаркаАвтоПром» корхонасида ишлаб чиқарилган хитойликларнинг JAC брендига тегишли енгил автомобилларидан 766 дона сотиб олади, деб хабар беради LS ахборот агентлиги. Келишув нархи $11,8 млн ташкил этади.
Дастлаб Ўзбекистонга JAC S3 ва JAC S5 русумидаги автомобиллар етказиб берилади. Умуман олганда, «Ўзавтосаноат» ва «KazakhExport экспорт суғурта компанияси» АЖ лизинг шартномаларини қўшган ҳолда қиймати $50 млн шартномани имзолаган, дея аниқлик киритади ўзбек компаниясининг матбуот хизмати.
«СарыаркаАвтоПром» Костанайдаги энг йирик корхона бўлиб, у «Аллюр компаниялар гуруҳи» АЖ таркибига киради. Корхона 2019 йилнинг тўққиз ойида 16,4 минг дона автомобиль ишлаб чиқариб, Қозоғистон автомобилсозлик соҳасида етакчилик қилди. Бу давр ичида корхона Ўзбекистон, Россия, Қирғизистон ва Беларусга 5,4 млрд тенге нархида 1243 дона автомобиль экспорт қилди. Заводда дунёнинг машҳур брендлари қаторида Ravon машиналари ҳам ишлаб чиқарилади. 2018 йил апрель ойидан «СарыаркаАвтоПром» ўзбек ҳамкорлари билан биргаликда MAN автобус ва юк машиналарини ишлаб чиқара бошлади.
2017 йили қозоқ ишлаб чиқарувчиларининг Ўзбекистондаги божхона-тариф шартлари оғирлигидан шикоят қилганларидан сўнг, Тошкент қўшниларига енгиллик яратди.
Россия ва Украина каби Қозоғистон учун ҳам акциз солиғи 2 фоизгача туширилди. Лекин 2018 йилнинг тўрт ойида Ўзбекистонда қозоқлар ишлаб чиқардан машиналардан фақат 19 донагина сотилди.
Лекин ҳозирда қозоқ ишбилармонлари Ўзбекистон бозорини истиқболли деб биладилар. Astana Motors заводи раҳбари Нурлан Смагуловнинг сўзларига кўра, 2019 йили Тошкентда иккита дилерлик маркази 344 дона автомобиль сотган. Ишбилармон жорий йилда Ўзбекистон ва Украинага 5-7 минг дона машина сотишни режалаштирган.