Россиянинг «Ренова» бизнес гуруҳи Ўзбекистонда Қуёш панелларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхонани тузишни таклиф қилди. Шунингдек, компания республикада Қуёш электр станциясини қуриш тендерларида иштирок этиш нияти борлигини маълум қилди. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов «Ренова» компаниялари гуруҳи директорлар Кенгашининг раиси, «Сколково» Фонди директорлар Кенгаши раиси Виктор Вексельберг бошчилигидаги Россия делегациясини қабул қилди, деб ёзади Ўзбекистон энергетика вазирлигининг матбуот хизмати.
Музокаралар давомида «Рақамли конлар» платформаси негизида углеводородларни ўзлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича миллий марказ яратиш, Ўзбекистонда қайта тикланувчи ва муқобил энергия соҳасида ҳамда зарур технологияларни етказиб бериш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувлар якунидан сўнг ўзбек томони «Ренова» гуруҳи корхоналарида қўлланилаётган технологиялар билан танишиш учун россияга ишчи гуруҳини юборади.
«Ренова» компаниялари гуруҳи ўрнатилган қуввати 14 ГВтга тенг Россиядаги йирик хусусий электр энергияси ишлаб чиқарувчи бўлиб, мамлакатнинг 20 та ҳудудида фаолият кўрсатади. У металлургия, нефть, машинасозлик, қазилмалар ишлаб чиқариш, энергетика, телекоммуникация, нанотехнология соҳаларидаги корхоналарнинг активларига эга.
Ўзбекистон биринчи Қуёш электр станцияси 2015 йили Наманганда қурилган бўлиб, у 130 МВт қувватга эга. Ўшанда республика ҳукумати яқин йилларда бу каби объектларни кўпайтириш ҳисобига уларнинг умумий қувватини 2 ГВт.дан ошириш режасини маълум қилганди.
Ўзбекистоннинг электр манбасига бўлган эҳтиёжи йилига 69 млрд киловатт-соатни ташкил этади. Бироқ, мамлакатдаги мавжуд иссиқлик ва гидро электр станциялари йилига 64 миллиард киловатт-соат энергия ишлаб чиқаради. Энергетика вазирлигининг маълумотларига кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистоннинг электр манбаига бўлган эҳтиёжи 112 млрд кВт*с.ни ташкил этади. Прогнозларга кўра, 26 ГВт қувватига эга ИЭС янги энергия блокларини қуриш учун таҳминан $35 миллиард миқдорида маблағ зарур бўлади.
2018 йил сентябрь ойида Россия ва Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи Атом электр станциясини қуриш бўйича келишувни имзолади. Лойиҳа 1200 МВт қувватига эга иккита ВВЭР-1200 русумли реактор қурилишини кўзда тутади. АЭС қиймати $11 млрд баҳоланган бўлиб, унинг биринчи энергоблоги 2028 йили ишга тушиши керак.