Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси кўпайган

Ўзбекистоннинг экспорт қилаётган автомобиллари. Ia-centr.ru сайти фотосурати

Ўзбекистоннинг 2019 йилги ташқи савдо айланмаси $42,2 млрд бўлган ва бу кўрсатгич ўтган йилга қараганда 26,2% ($8,7 млрд) кўп демакдир. Бу борада республика Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг матбуот хизмати мана шундай маълумотларни келтиради.

Ўтган йили Ўзбекистон четга $17,9 млрд миқдорида товар ва хизматларни экспорт қилган ва бу кўрсатгич 2018 йилга нисбатан 28% га кўп бўлган. Экспортда қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо металлар салмоғи баланд бўлиб, уларнинг миқдори $5,1 миллиардни ташкил этган. Кейинги ўринда хизматлар – $3,6 млрд, энергия ташувчилар – $2,5 млрд, тўқимачилик маҳсулотлари – $1,6 млрд ва озиқ-овқат маҳсулотлари – $1,5 миллиардни ташкил этган. Ўтган йили 2700 та корхона $1 млрд миқдорида маҳсулотларини четга экспорт қилган.

Ўзбекистондаги товар ва хизматлар импорти $24,3 млрд бўлиб, бу аввалги йилга нисбатан 25 фоизга кўпайган. Республика машина ва ускуналарни ($5,6 млрд), транспорт воситалари ва уларнинг эҳтиёж қисмларини ($2,6 млрд), хизматларни ($2,4 млрд), қора металл ва улардан тайёрланган маҳсулотларни ($2,2 млрд), электр жиҳозларини ($1,3 млрд), озиқ-овқат маҳсулотларини ($1,2 млрд) импорт қилган.

Йил давомида Ўзбекистон дунёнинг 178 та мамлакати билан савдо алоқаларини олиб борган. Товарлар айланмаси бўйича $7,6 млрд билан Хитой етакчилик қилмоқда. Россия $1 млрд миқдорида Хитойдан ортда қолган. Республика ташқи савдо ҳамкорлари учлигида Қозоғистон $3,3 миллиард кўрсатгич билан учинчи ўринни эгаллайди. Тўртинчи ўринни Корея ($2,7 млрд) ва бешинчи ўринни Туркия ($2,5 млрд) эгаллаган.

UzStat маълумотларига кўра, 2018 йили Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси $33,8 миллиардни ташкил этган. Унинг $14,3 млрд экспортга, $19,5 млрд – импортга тўғри келган. Салбий сальдо $5,2 млрд миқдорида қайд этилган. Ўтган йил якунларига кўра, экспорт ва импорт ўртасидаги тафовут минус белгиси билан $6,4 миллиардни ташкил этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ