Газ танқислиги туфайли йирик цемент заводи тўхтаб қолган

"Оҳангаронцемент". Eurocement.ruсайти фотосурати

Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқариш бўйича иккинчи йирик завод саналмиш «Оҳангаронцемент» табиий газ етишмаслиги туфайли ишдан тўхтаб қолди. «Озодлик» радиосининг хабарига кўра, завод 9 январь куни бутунлай ишдан тўхтаган.

Корхона менежерлари сўзларига кўра, газ муаммоси ўтган йил сўнггидан бошланган. Ёнилғи мавжуд тўртта печдан иккитасигагина етган, кейинчалик иш тунги сменада олиб борилган. Январь ойида газ таъминоти кескин камайган ва у фақат завод биноларини иситишга етарли бўлган. Бунга қадар завод ҳафтанинг етти кунида туну-кун ишлаган.

Жадвал бўйича таътилга чиқувчи ишчиларга дам берилган. Қолганлари «Оҳангаронцемент» ҳудудида ободонлаштириш, таъмирлаш ишлари билан машғулдирлар. Раҳбариятда барча ишчиларни таътил пули билан таъминлашга маблағ йўқ. Заводдаги ишлар 1 февралда қайта тикланиши режалаштирилган. Бироқ, бунга қадар газ муаммосининг ҳал бўлишига менежерларни кўзи етмайди.

«Оҳангаронцемент» йилига 2,2 млн тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу борада у Навоий вилоятидаги «Қизилқумцемент»дан (йилига 3,8 млн тонна цемент ишлаб чиқаради) кейин иккинчи ўринда туради.

Оҳангарон заводини Россиянинг «Евроцемент груп» компанияси бошқаради. У корхона базасида қурилиш материалларини ишлаб чиқариш кластерини барпо этишни режалаштирган. Бу билан завод йилига 5 млн тонна цемент, 144 минг кубометр бетон ва 30 минг тонна бетонли маҳсулотларни ишлаб чиқариш салоҳиятига эга бўлади. Ўтган йил июль ойида кластер барпо этиш $200 млн миқдорида баҳолангани, унинг ярми РФ компанияси томонидан сармоялаштирилгани тўғрисида хабар берилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ