Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов мухолифатдаги «Эрк» партияси раҳбариятини қабул қилди. Учрашув 10 январь куни бўлиб ўтган, деб хабар беради «Озодлик» радиоси.
Учрашувда партиянинг Бош котиби Отаназар Орипов, ташкилот Марказий кенгашининг аъзолари Аъзам Турғунов, Ҳамидулла Нурматов ва Санжарали Имомовлар қатнашган. Турғуновнинг сўзларига кўра, вазир уларни диққат билан тинглаган, бироқ «бундай партия тарихда қолди, унутинглар» деган.
Аъзам Турғунов учрашув тафсилотларини Озодликка гапириб берган.
«Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси низоми 1991 йилнинг 3 сентябрида Адлия вазирлиги тарафидан рўйхатга олинган. Партияни ëпиш ë тугатиш ҳақида суд қарори ë бошқа ҳужжат йўқ. Шу боис, биз вазирдан фаолият учун рухсат сўрадик. Аммо вазир 1991 йилги ҳужжат ўз кучини йўқотган деган маънода бизга эътироз билдирди. Аммо энг муҳими — мухолифат билан ҳукумат мулоқотга киришгани. Ўзбекистон Адлия вазири охирги марта 1997 йили “Эрк” раҳбарияти билан учрашган эди. Мулоқот қайта бошланганини маъқуллайман», — деган Турғунов.
Президент Шавкат Мирзиёев илк маротаба Ўзбекистон сиёсатида мухолифатга йўл берилиши ҳақида 2019 йилнинг 27 декабрида гапирди.
Мирзиёев Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашувда мухолифат Ўзбекистонга қандай фойда келтиради дея риторик савол қўйган эди.
«Ижтимоий тармоқларда мухолифат муҳокама қилинмоқда. У бизга қандай фойда келтирди? Мен Президент сифатида мухолифатга қарши эмасман. Бироқ, у ўзимизда пайдо бўлиши учун муҳит яратишимиз керак. Бу шахслар халқнинг дардини билиши, улар билан барча муаммоларни бошидан кечириши ва шу ернинг нонини еб, сувини ичиши керак», — деган президент Мирзиёев.
«Озодлик» маълумотларига кўра, вазир Давлетов «Эрк» партияси раҳбарияти билан учрашишдан олдин «Бирлик» ҳаракати етакчилари билан ҳам мулоқотда бўлган. Бироқ, бу учрашув ҳақида маълумот берилмаган.
«Бирлик» ҳаракати ва «Эрк» партияси 80-йиллар сўнггида пайдо бўлган. Ушбу ташкилотларни барпо этишда машҳур шоир Муҳаммад Солиҳ катта роль ўйнаган. У 1991 йилги президент сайловида Ислом Каримовга рақиб номзод сифатида иштирок этган. Кейинчалик Солиҳ босим, тайзиқларга учраб, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлади.